Мажбурий чора
  • 12 Май 2015

Мажбурий чора

Франциянинг “Areva” энергетика концерни олти минг нафарга яқин ишчиси билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишни мўлжаллаяпти.

Бу жами ходимлар сонининг 14 фоизини ташкил этади. Концерн фаолиятида кетма-кет тўрт йилдан буён ижобий натижа кўзга ташланмаётгани боис унинг маъмурияти ана шундай чора қўллашга мажбур бўлмоқда, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 4,8 миллиард евро миқдорида маблағ бой берилган. Ишчи кучи учун эса ҳар йили ўртача 3,4 миллиард евро сарфланади.
“Areva” атом реакторлари ишлаб чиқариш ҳамда уларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган. Ҳозирги пайтда концернга қарашли атом электр станциялари Франция учун зарур бўлган энергиянинг тўртдан уч қисмини етказиб беради.

Молиявий аҳволи яхшиланди
Япониянинг видеоўйинлар ва қурилмалар ишлаб чиқарувчи “Nintendo” компанияси сўнгги тўрт йил ичида биринчи марта молиявий йилни даромад билан якунлади.
Хусусан, ушбу даврда компания 24,8 миллиард иена (207 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ишлаб олган. Бу аввалроқ экспертлар қилган прогнозга нисбатан анча кўп. Айтиш жоизки, ўтган йили “Nintendo” маҳсулотлари савдоси 4 фоиз пасайган. Аммо шунга қарамай, маъмурият корпоратив харажатларни қисқартириб, молиявий кўрсаткичларни оширишга муваффақ бўлди.
“Кунчиқар юрт” ишлаб чиқарувчиси жорий йилда мобиль қурилмаларга мўлжалланган ўйинлар дастури тайёрлашни йўлга қўйиб, молиявий аҳволини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. 

Талаб камайиши мумкин
Австралиянинг “ArcelorMittal” компанияси бу йил дунё бўйича пўлатга бўлган талаб 0,5 — 1,5 фоиз атрофида пасайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Қолаверса, январь ойидан буён темир рудаси баҳоси 30 фоиз арзонлашган. “ArcelorMittal” эса айни мазкур соҳада фаолият юритади. Агар халқаро бозорда шундай ўзгаришлар кузатилса, бу Австралия иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Негаки, ҳозирги кунда денгиз йўли орқали ташилаётган ҳар беш тонна маҳсулотнинг уч тоннаси ушбу мамлакат конларидан олинади.

Компьютер саратонга қарши курашади
“IBM” компанияси томонидан яратилган “Watson” номли суперкомпьютер имкониятидан саратон касаллигини даволашга мўлжалланган дори-дармон ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Замонавий техника АҚШ ҳамда Канаданинг 14 та онкология клиникасида қўлланилади. У орқали беморлар ва уларнинг саломатлигини тиклаш жараёнларига оид барча маълумотлар таҳлил қилиб борилади. Шунингдек, компьютер саратон ўсимталари ДНКларини ўзида сақлаб олиб, уларга қандай даво усулларидан фойдаланиш яхши самара беришини аниқлайди.
Экспертлар хасталикни даволашда “Watson” катта наф беришини ҳамда саратоннинг оғир турига чалинган инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга шароит туғилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Энг узоқ галактика
Астрономлар Ердан энг узоқда жойлашган галактикани аниқлашди. “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, у сайёрамиздан 13,1 миллиард ёруғлик йили узоқликдадир. Мазкур кашфиёт АҚШнинг Йел ҳамда Калифорния университетлари мутахассислари саъй-ҳаракатлари маҳсули ҳисобланади. “EGS-zs8-1” дея номланган галактикани аниқлаш ва ёшини билиш учун олимлар учта турли телескопдан фойдаланишган. Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn