«Ўзбекистонда кексаларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш юзасидан самарали ижтимоий сиёсат юритилмоқда»
  • 11 Май 2015

«Ўзбекистонда кексаларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш юзасидан самарали ижтимоий сиёсат юритилмоқда»

Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонасида мамлакатимизнинг замонавий ижтимоий-иқтисодий ривожланиши мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Япония илмий академик, ишбилармон доиралари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимиз миллий иқтисодиёти ривожланишининг барқарор юқори суръатлари, ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ масалаларга асосий эътибор қаратилди.
Давра суҳбати чоғида мустақил ривожланиш йиллари давомида республикамизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга йўналтирилган демократик ҳуқуқий давлатни барпо қилиш борасида кенг қамровли ўзгаришлар рўй бераётгани қайд этилди. Шунингдек, саноатни модернизациялаш ва диверсификациялашга ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар ўсгани ҳолда, сўнгги йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши ҳажми барқарор равишда 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Қуйида давра суҳбатининг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига билдирган фикр-мулоҳазалари билан танишишингиз мумкин.

Ичикава ШИНЖИРО, “Yokobiki Shutter”  компанияси бош директори:
— Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардорман. Хорижлик сармоядорлар учун қулай шароитларни яратиш масаласи давлатнинг диққат-эътиборида тургани қувонарли ҳолдир. Бу миллий иқтисодиётга чет эл капитали йўналтирилиши ҳажмини оширишга кўмаклашмоқда.
Компаниямиз яхши иқтисодий имкониятларга эга бўлган Ўзбекистон билан ўзаро бизнесни йўлга қўймоқчи. Шу боис биз мамлакат бозорини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга боришни режалаштирганмиз.

Нориясу НИШИГАКИ, “SAP Japan” компанияси бош менежери:
— Ўзбекистонда маданий меросни ўрганиш, уни авайлаб асраш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижалари кўпгина давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Марказий Осиё минтақасининг энг муҳим мамлакати ҳисобланадиган Ўзбекистон улкан интеллектуал салоҳиятга эгадир. Унинг ядросини эса иқтидорли ёшлар ташкил этади. Шу билан бирга, республикада кексаларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш юзасидан самарали ижтимоий сиёсат юритилмоқда. Бу эса аҳолисининг кўпчилигини кекса авлод вакиллари ташкил қиладиган Японияда юксак қадрланади.


«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Муваффақиятларимиз эътирофи Мажбурий чора »