Муваффақиятларимиз эътирофи
  • 11 Май 2015

Муваффақиятларимиз эътирофи

Таиланд Қироллигининг Рангсит университетида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтди. У мамлакатимизнинг Бангкокдаги Бош консуллиги томонидан уюштирилди.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:
Рангсит университети Таиланддаги ҳисоблаш техникаси, илм-фан, бошқарув ва лойиҳалаштириш соҳаларига ихтисослашган мутахассисларни тайёрлайдиган хусусий олий ўқув юрти ҳисобланади. Ҳозирги пайтда мазкур илм даргоҳида бакалавриатнинг 92, магистратуранинг 36 та йўналишида ҳамда докторантуранинг 9 дастури бўйича таҳсил олиб борилмоқда.
Рангсит университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда талабалар иштирокида ўтган ушбу тадбирда семинар қатнашчилари Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида қўлга киритган улкан муваффақиятлари билан яқиндан танишдилар.
Шу билан бирга, семинар доирасида мамлакатимиз халқининг маданияти, тарихи ва сайёҳлик салоҳияти мавзуларини қамраб олган бой маълумотлар бўлмаси ҳам ташкил этилди.
Тақдим қилинган долзарб ва қизиқарли маълумотлар учун ўз миннатдорлигини изҳор этар экан, ушбу университет тизимидаги Дипломатия ва халқаро тадқиқотлар институтининг декани Сомпонг Сангуанбун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида эришилаётган муваффақиятларга юқори баҳо берди.
— Ўзбекистон дунёдаги шитоб билан ривожланаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади, — деди у. — Ўзбеклар замини неча-неча асрлар давомида маданият, илм-фан ва санъат маркази бўлиб келган. Бу ўлка жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳамда бошқа кўплаб аллома ва мутафаккирларга бешик бўлган.


«Жаҳон» АА.
Бангкок

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn