Қарзларни қайтаришда силжиш бор
  • 06 Май 2015

Қарзларни қайтаришда силжиш бор

Жорий йилнинг биринчи чорагида “BNP Paribas” банки (Франция)нинг соф фойдаси ҳажми 17,5 фоиз ошиб, 1,64 миллиард еврони ташкил қилди. Молия муассасасининг Шимолий Америка ва Осиёда ўз бизнесини тўғри йўлга қўйгани, қолаверса, евроҳудудда корпоратив кредитларга талаб ортгани ана шундай кўрсаткичлар қайд этилишида муҳим омил бўлди.

Бундан ташқари, нефть нархининг пасайгани туфайли “BNP Paribas” корпоратив мижозларида олинган қарзларни камайтириб боришга имкон туғилган.

Эверест нега пасайди?
Непалда рўй берган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 7200 кишидан ошди.
Мамлакат ҳукумати вайроналар остидан энди тирик жонни топишга умид йўқлигини билдирган эди. Чунки табиий офат кузатилганидан саккиз кун ўтиб, овқатсиз ва сувсиз кимнингдир яшаб қолиши, ҳақиқатан ҳам, тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолатдир. Аммо олам мўъжизаларга тўла. Қарангки, якшанба куни тўрт киши омон ҳолда қутқариб олинди. Улардан бири 101, иккинчиси эса 105 ёшда.
Жойларда қидирув ишлари давом эттирилаяпти. Лекин мамлакатда гуманитар вазият тобора оғирлашиб бормоқда. Халқаро ҳамжамият томонидан жўнатилаётган ёрдам юкларини қабул қилиб олишда яна бир муаммо юзага келди. Гап шундаки, мамлакат пойтахти Катмандудаги аэропорт йирик самолётлар учун ёпилди. Чунки улкан ҳаво лайнерлари қатновининг кескин ошиб кетгани натижасида бу ердаги учиш-қўниш йўлагига жиддий зиён етган.
Зилзила таъсирида дунёдаги энг баланд чўққи — Эверест бир неча сантиметр пасайгани айтилмоқда.

Дастлабки чорак натижалари
Финляндиянинг телекоммуникация технологиялари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Nokia” компанияси учун жорий йилнинг дастлабки чораги салбий кўрсаткичлар билан якунланди.
Манбада қайд этилишича, бу бир қанча омиллар билан боғлиқ. Хусусан, унинг дастурий маҳсулотлари савдоси пасайиб бормоқда, компаниянинг Европа ва Лотин Америкасидаги бизнеси оқсаяпти, харажатларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар эса суст кечаётир. Натижада компания даромади 85 миллион евро камайиб кетди. Акциялари баҳоси эса 12 фоиз тушган.

Тезюрар поезд қатнови
“Eurostar” компанияси Буюк Британиянинг Лондон ҳамда Франциянинг Марсель шаҳарлари ўртасида ҳаракатланувчи тезюрар поезд қатновини йўлга қўйди.
Эндиликда йўловчилар ушбу қулайликдан фойдаланиб, белгиланган манзилга одатдагидан анча тез — 6,5 соатда етиб олишлари мумкин, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Лондоннинг Сент-Пэнкрас вокзалидан йўлга чиққан поезд Ла-Манш бўғози остидаги туннелдан ўтиб, Лилль, Лион, Авиньон шаҳарлари орқали Марселнинг Сен-Шарль вокзалига боради. Компания вакилларининг айтишича, Франциянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги ҳудудлари Буюк британиялик сайёҳлар орасида анча машҳур. Шу сабабли мазкур йўналишда тезюрар поезд хизмати жорий этилди. Ёз ойларида талабнинг ортиши муносабати билан Лондон — Марсель оралиғида ҳафтасига беш маротаба қатнов амалга оширилади.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn