«France Forum» журнали Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ҳақида
  • 05 Май 2015

«France Forum» журнали Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ҳақида

Францияда чоп этиладиган “France Forum” журналида “Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти” сарлавҳали мақола берилди.

Унда Ўзбекистоннинг жуғрофий жиҳатдан океанлардан узоқ масофада жойлашган бўлишига қарамай, бой табиий ресурсларга ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятга эга эканлиги қайд этилади.
Таъкидланишича, жаҳондаги оғир молиявий-иқтисодий вазият шароитида ҳам республиканинг иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан зиёд бўлган кўрсаткични ташкил қилмоқда. “Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакат иқтисодиётнинг муҳим жабҳаси сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасини нафақат сақлаб қолди, балки дон мустақиллигини таъминлагани ҳолда, уни диверсификациялаш бўйича чора-тадбирларни ҳам кўрди, — дея ёзилади журналда. — Индустрияни ривожлантиришга устувор даражада эътибор қаратилаётир. Шунингдек, газ ва нефть захираларига эга бўлган республика муқобил энергия манбаларини, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни ҳам ҳаётга татбиқ этаяпти”.
Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари ҳақида тўхталар экан, “France Forum” бугунги кунда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 57 фоизи хусусий сектор томонидан таъминланаётганини ўқувчиларга маълум қилган. “Бу иқтисодий ислоҳотларнинг йигирма тўрт йилини босиб ўтган ёш давлат учун салмоқли рақам ҳисобланади, — дея ёзилади нашрда. — Республика хорижлик, шу жумладан, франциялик сармоядорлар учун ҳам қулай шароитларни таклиф этмоқда”.
Шу боис “France Forum” журналида франциялик ишбилармонларни Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш ҳамда қўшма инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқаришга чақирилади. Шунингдек, республикада Фарғона водийсини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган янги электрлаштирилган темир йўли қурилиши олиб борилаётгани ва бу йўналишдаги ишлар 2016 йили ниҳоясига етказилиши мақолада алоҳида таъкидланган.


«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn