Ўсиш суръати пасайди
  • 01 Май 2015

Ўсиш суръати пасайди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Буюк Британияда ялпи ички маҳсулот ҳажми атиги 0,3 фоиз ўсди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Бу 2014 йилнинг сўнгги уч ойидаги кўрсаткичдан икки баробар кам. Қолаверса, ушбу натижа 2012 йилдан бери мамлакат иқтисодиётида қайд этилган энг паст ўсиш суръати ҳисобланади. Экспертларнинг изоҳлашича, мазкур ҳолат хизматлар кўрсатиш ва қурилиш соҳасидаги фаолликнинг сусайгани билан боғлиқ.

Халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтож
Кучли зилзила оқибатида катта талафот кўрган Непалга қатор халқаро ташкилотлар ва давлатлар молиявий ҳамда инсонпарварлик ёрдами кўрсатишини билдирди.
Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 15 миллион доллар, Европа Иттифоқи эса 3 миллион евро миқдорида маблағ ажратадиган бўлди. Шунингдек, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Финляндия ва Хитой ҳам молиявий кўмак беришга қарор қилган. Франция эса ушбу давлатга гуманитар ёрдам юклари ортилган учта самолёт ва шифокорлар, қутқарувчилар гуруҳини жўнатади. Таиланд 67 нафар қутқарувчисини юборди.
Ҳозир Непал армиясида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг 90 фоизи қидирув-қутқарув тадбирларида иштирок этмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ер силкиниши оқибатларини бартараф этиш учун мазкур давлатга 9 миллиард евро миқдорида маблағ зарур. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизини ташкил қилади.

Фаолиятида ижобий кўрсаткич
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб борувчи “Apple” компанияси жорий молиявий йилнинг иккинчи чорагида катта миқдорда даромад кўрди. Айтиш жоизки, ушбу чорак 28 апрель куни якунланган. Компания айни пайтда 58 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаган. Шундан 13,6 миллиард доллари соф фойдадир. Мазкур даврда “Apple” жами 61,2 миллион дона “iPhone” русумидаги смартфон сотишга муваффақ бўлган. Натижада даромад ҳажми аввалги уч ойдагига нисбатан 29 фоиз ошган.

Фавқулодда қўндирилди
АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги халқаро аэропортга йўловчи самолёти фавқулодда қўндирилди.
Бунга унинг двигателларидан бирида ёнғин келиб чиққани сабаб бўлган. Кўнгилсиз воқеа туфайли ҳаво лайнери бортидаги 75 нафар йўловчининг ҳеч бирига жиддий шикаст етмаган. Аэропорт белгиланган тартиб бўйича фаолиятини давом эттираётгани айтилмоқда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn