Миллатлар ҳамжамияти Ўзбекистонда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан танишди
  • 29 Апрель 2015

Миллатлар ҳамжамияти Ўзбекистонда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан танишди

“Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси — Ўзбекистон Касаба уюшмаларининг устуворликларидан бири” мавзуидаги ахборот материали Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женева шаҳридаги бўлимида БМТга аъзо бўлган мамлакатлар ўртасида тарқатилди.

Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамият ва давлат қурилишидаги вазифаларнинг ҳал қилинишида уларнинг ўрни ҳамда мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояси, уларнинг фаровонлигини ҳар томонлама яхшилаш учун муносиб шароитларни яратиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу жараёнда мамлакат касаба уюшмалари ҳам фаол қатнашмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан тизимли ишларни олиб бораётир. Мазкур мақсадлар учун Касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида Аёллар кенгаши тузилган, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳузурида эса аёллар билан ишлаш комиссиялари фаолият кўрсатаяпти. Улар томонидан ишчи аёллар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу тариқа жамоа шартномалари ҳамда битимлар воситасида улар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар яратилаётир.
Бугунги кунда жамоа шартномалари ва битимларига аёлларнинг ижтимоий ҳимояси сифати ҳамда самарадорлигини юксалтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни ўз ичига олган махсус бўлим киритилган. Шу боис аёлларнинг максимал даражадаги бандлиги, ишлайдиган аёлларнинг даромадларини ошириш таъминланмоқда, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратилаяпти.
Аёллар бандлиги таъминланишида касаначилик меҳнатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёллар учун касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан янги иш ўринлари яратилаётир. Масалан, 2014 йили Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида қарийб 100 та иш ўрни очилди. Янги ташкил этилган иш жойларида меҳнат шароити устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Ушбу ҳужжатда маълум қилинганидек, касаба уюшмалари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида иш бошлаётган тадбиркор аёллар учун ана шундай хизмат кўрсатишнинг ҳажми оширилаяпти. Шунингдек, аёлларга касаба уюшмаларининг “Ишонч телефонлари” орқали ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилаётир.
Бундан ташқари, корхона ва ташкилотларда 2 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган ёш оналарга жамоа шартномалари асосида моддий кўмак берилмоқда.
Нодавлат корхоналарда меҳнат қиладиган оналар учун иш ҳақи сақланган ҳолда, ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланган. Икки ёшгача болалари бўлган ишчи аёллар болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслардан фойдаланишади, бу танаффус иш вақтига киритилган бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.
Юқоридагилардан ташқари, энг фаол аёлларни доимий равишда рағбатлантириш тизими ҳақидаги маълумотлар ҳам мазкур ҳужжатда ўз ифодасини топган. Масалан, 2014 йили Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 1960 нафар аёлга 1 миллиард 500 минг сўм миқдоридаги маиший техника воситалари тақдим этилди. Касаба уюшмалари тизимидаги соғломлаштириш масканларида аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу, айниқса, қишлоқ жойлардаги аёлларга кўпроқ тааллуқлидир. Соғломлаштириш масканларида саломатлигини мустаҳкамлаш учун ижтимоий йўлланмаларни олаётган аёллар сони эса йилдан-йилга ошиб бораяпти.
Шунингдек, ҳужжатда бу борадаги ишларнинг барчаси давлат, касаба уюшмаси ва иш берувчиларнинг ижтимоий шериклиги асосида олиб борилаётгани алоҳида таъкидланган.


«Жаҳон» АА.
Женева

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Энг долзарб масала Ўсиш суръати пасайди »