Энг долзарб масала
  • 29 Апрель 2015

Энг долзарб масала

Жорий йилнинг март ойида Франциядаги меҳнат биржаларига 15,4 минг киши иш сўраб мурожаат қилди. “Евроньюс” телеканали хабарига кўра, бу февралдагига нисбатан 0,4 фоиз кўп. Шундай қилиб, мазкур давлатда ишсизлар сони 3,5 миллион кишига етди. Франция бандлик вазирлигининг билдиришича, айни пайтда бу борадаги энг ташвишли ҳолат ёшлар билан боғлиқ. Чунки ўтган ойда 25 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик кўрсаткичи бир фоиз ошган.

Мамлакат ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида аҳамият қаратаётган бўлса-да, ҳозирча кескин ижобий ўзгариш қайд этилганича йўқ, дейишмоқда экспертлар.


Акциялари баҳосига таъсир қилди
Германиянинг “Deutsche Bank” банки фаолиятини қайта ташкил этиш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга киришмоқда.
Бу ҳақда молия муассасаси раҳбарияти инвесторлар билан учрашув чоғида маълум қилган. Жумладан, келгуси икки йил ичида банк дунё бўйича ўзининг 200 та филиалини ёпишни режалаштираяпти. Шунингдек, бир қатор давлатларда фаолиятини якунлайди, инвестициявий бизнесини эса қисқартириб, “Postbank” филиали акцияларини сотади. Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали “Deutsche Bank” 2020 йилга бориб, 3,5 миллиард евро миқдоридаги маблағни тежаб қолишга эришмоқчи.
Айтиш жоизки, банкнинг мазкур режаси фонд бозорида ижобий ечим сифатида баҳоланмади. Натижада Франкфурт биржасида унинг акциялари нархи 6 фоиз тушиб кетди.

Сейсмик фаоллик сақланиб турибди
Непал ҳукумати маълумотига қараганда, мамлакатда катта талафотларни келтириб чиқарган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 10 минг кишига етиши мумкин.
Табиий офатдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишда ушбу давлат халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтож бўлиб турибди. Чунки дори-дармон воситалари, вақтинча яшаш учун мўлжалланган палаткалар етишмаяпти. Айни пайтда ер силкиниши кузатилган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.
25 апрель куни рўй берган зилзила натижасида
4 минг 349 киши ҳаётдан кўз юмди. Етти мингдан зиёд фуқаро жароҳатланди. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу рақам ҳали ўзгариши мумкин. Сейсмологлар икки сутка ичида Непалда 3,5 дан 6,7 баллгача бўлган 50 дан зиёд такрорий ер силкинишлари рўй берганини билдиришди.

Касалликдан ҳимоялайди
Малина меваси саратонни келтириб чиқарувчи тўқималарни бартараф этиш хусусиятига эга. Яқинда бир гуруҳ олимлар ўтказган тадқиқот якунида ана шундай хулосага келинди. Тажриба жониворларда синаб кўрилган. Улардан малина истеъмол қилганларида саратон тўқималари бутунлай йўқ бўлгани аниқланган.
Аввалроқ ўсимтани малинанинг баъзи турларигина бартараф этиши мумкин, деган тахминлар бор эди. Эндиликда ушбу меванинг ҳар қандай тури мазкур хасталикдан ҳимоя қилишда фойдали экани айтилмоқда. Малинада инсон организми учун зарур бўлган С витамини, магний моддаси кўплиги ҳам эътиборга лойиқ.

                                                                                               Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn