Иқтисодий кўрсаткичларга оид янги тахмин
  • 28 Апрель 2015

Иқтисодий кўрсаткичларга оид янги тахмин

Испания ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг 2015 йилдаги ўсишига оид янги прогнозини эълон қилди. Унга мувофиқ, жорий йилда бу борадаги кўрсаткич февраль ойида тахмин қилинганидек 2,4 фоиз эмас, балки 2,9 фоизни ташкил этади. Қолаверса, 2016 йилда ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми худди шу миқдорда ошади. Айтиш жоизки, февралда Еврокомиссия жорий йил Испанияда ЯИМ ҳажми 2,3, келаси йилда эса 2,5 фоиз ўсишини билдирган эди.

Кучли зилзила оқибати
Непалда рўй берган 7,8 балли зилзила мамлакат тарихида сўнгги саксон йил ичидаги энг катта талафотларга сабаб бўлган табиат ҳодисаси сифатида баҳоланмоқда.
“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ер силкиниши оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 3200 кишидан ошган. Қарийб етти минг нафар одам тан жароҳати олган. Қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилаяпти. Пойтахт Катмандуда бошпанасиз қолганлар учун махсус истиқомат жойлари ташкил қилинган. Лекин улар сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигидан азият чекмоқда.
Зилзила таъсири Непалга қўшни Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилган. Мазкур давлатларда ҳам вайроналар кузатилган, қурбонлар борлиги айтилмоқда.

Кундузги уйқунинг нимаси афзал?
Германиялик олимлар кундузги уйқунинг одам учун фойдаси ҳақидаги тадқиқотлари натижаларини маълум қилдилар. Ушбу илмий иш “Хотира ва нейробиологияни ўрганиш” (Neurobiology of Learning and Memory) журналида чоп этилди.
Мақолада айтилишича, кундузи 45-60 дақиқа давомида мизғиб олиш киши хотираси мустаҳкамлигини оширади. Тадқиқотда 41 нафар кўнгилли қатнашди. Олимлар уларга юзга яқин сўзларни кўрсатиб, эслаб қолишларини сўрашган ва иштирокчиларни икки гуруҳга бўлишган. Уларнинг бирларига фильм намойиш қилинган, бошқаларига эса 90 дақиқа ухлаш имконияти берилган. Якунда мизғиб олганлар фильм кўрганларга нисбатан кўп сўзларни айтиб беришган.

Баҳайбат жониворлар изи
Канада шимоли-шарқидаги Британия Колумбияси музофотида динозаврлар изи топилди.
Палеонтолог Рич Маккрининг сўзларига қараганда, мазкур баҳайбат жониворлар бу ерда бундан 115-117 миллион йил аввал яшаган. Уларнинг узунлиги 8, бўйи эса 3,5 метрга тенг бўлган.
Олимлар ушбу топилма фанда янгилик, қолаверса, сайёҳларни қизиқтиришга хизмат қилувчи муҳим омил сифатида аҳамиятли эканини таъкидлашаяпти.

Фойдаси аниқланмади
Сут маҳсулотлари, айниқса, йогуртларни мунтазам истеъмол қилиш инсон саломатлигини мустаҳкамламайди.
Испаниянинг Мадрид автоном университети олимлари ана шундай фикрни илгари суришмоқда. Уларнинг бу борада ўтказган тадқиқотида тўрт мингдан ортиқ кўнгилли иштирок этди. 3,5 йиллик кузатишлар жараёнида йогуртни доимо истеъмол қилиб юрадиганлар ва унчалик хушламайдиганларнинг саломатлигидаги ўзгаришлар таҳлил этиб борилди. Қизиқ жиҳати, якунда ҳар икки тоифага мансуб одамларнинг кўрсаткичлари деярли бир хил чиқди.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn