Рақобатга дош беролмаяпти
  • 25 Апрель 2015

Рақобатга дош беролмаяпти

Буюк Британиянинг йирик савдо мажмуалари тармоғига эга “Tesco Plc” компанияси ўтган молиявий йилни 5,77 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги зарар билан якунлади.

Бу унинг фаолиятига оид рекорд даражадаги салбий кўрсаткичдир. Мазкур компания кўп йиллар давомида мамлакат миллий улгуржи бозорида етакчилик қилиб келган. Аммо эндиликда у маҳсулотлар баҳоси бўйича “Aldi” ва “Lidl” савдо тармоқларига рақобатда имкониятни бой бермоқда. Натижада “Tesco”нинг молиявий аҳволи тобора мураккаблашиб бораяпти.

Вулқон яна «уйғонди»
Чилидаги “Кальбуко” вулқони яна фаоллашди. Ундан ажралиб чиқаётган кулнинг баландлиги бир неча минг метрга етган.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан вулқонга 20 километр яқин ҳудудда яшовчи бир ярим минг нафар аҳоли эвакуация қилинди. Ўз навбатида, маҳаллий авиакомпаниялар айрим парвозларни вақтинча тўхтатди.
Денгиз сатҳидан 2003 метр баландликда жойлашган “Кальбуко” Чилидаги учта энг хавфли вулқондан бири ҳисобланади. У бундан олдин охирги бор 1972 йилда ҳаракатга келган эди.

Фаолиятида ижобий кўрсаткич
Швейцариянинг фармацевтика саноатида фаолият олиб борувчи “Roche” компанияси учун жорий йилнинг биринчи чораги муваффақиятли якунланди, дейилади “Reuters” ахборот агентлиги хабарида.
Январь — март ойларида унинг маҳсулотлари савдоси уч фоиз ўсиб, компания умумий ҳисобда 11,83 миллиард Швейцария франки (12,40 миллиард АҚШ доллари) миқдорида маблағ ишлаб олган. Бу таҳлилчилар қилган прогноздан сезиларли даражада юқори. Гап шундаки, экспертлар “Roche” дастлабки уч ойда 11,49 миллиард франк ҳажмида даромад олишини тахмин қилишган эди.
Изоҳланишича, компания томонидан саратонга қарши ишлаб чиқарилаётган препаратлар савдосининг оммалашгани ана шундай ижобий натижани таъминлаган.

Телеканалини ишга туширади
Халқаро олимпия қўмитаси 2016 йилнинг апрель ойидан бошлаб, махсус телеканалини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда ташкилотнинг эфирга узатиш гуруҳи ижрочи директори Янис Эксаркос маълум қилди. Айтиб ўтиш жоизки, 2014 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Халқаро олимпия қўмитасининг 127-сессиясида янги телеканал ташкил этиш таклифи маъқулланган эди. Қароргоҳи Испания пойтахти Мадрид шаҳрида жойлашадиган мазкур телеканалда юз нафарга яқин ходим фаолият кўрсатади. Унинг 2015 йилдан 2021 йилгача бўлган бюджети эса 490 миллион еврони ташкил этади.

Энг аниқ соат
АҚШ ва сингапурлик физик олимлар жаҳоннинг энг аниқ ишловчи соатини яратишди.
Мутахассисларнинг айтишича, у 15 миллиард йилда атиги бир сонияга адашиши мумкин. Унинг аниқлик кўрсаткичи олдингиларидан уч баробар юқори.
Олимлар янги соат ёрдамида умумий нисбийлик назарияси (УНН)да тахмин қилинган вақтнинг секинлашишини текшириб кўриш мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn