Фойда ҳажми кутилганидан юқори
  • 22 Апрель 2015

Фойда ҳажми кутилганидан юқори

Швейцариянинг “Credit Suisse Group AG” холдинг компанияси учун жорий йилнинг биринчи чораги муваффақиятли якунланди. Гап шундаки, ушбу даврда у 1,05 миллиард Швейцария франки (1,1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида соф фойда олишга эришди. Бу аввалроқ иқтисодий таҳлилчилар қилган тахминдан сезиларли даражада кўп. Ўтган йилнинг дастлабки чорагида холдинг компаниясининг соф фойдаси ҳажми 859 миллион франкни ташкил этганди.
“Credit Suisse Group AG” мутасаддиларининг изоҳлашича, харажатларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли ана шундай ютуққа эришилди.

Энг мақбул чора
АҚШнинг нефть-газ саноатида хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи “Halliburton” компанияси келгуси олти ой ичида мавжуд иш ўринлари сонини тўққиз мингтага қисқартиришини маълум қилди.
Компания раҳбарининг айтишича, инвесторлар билан ўтказилган мулоқотдан сўнг ана шундай қарорга келинган. “Halliburton”нинг ҳозирги иқтисодий аҳволи, ҳақиқатан ҳам, у даражада яхши эмас. Масалан, биринчи чоракда компания 643 миллион доллар миқдорида зарар кўрди. Шу боис мутасаддилар бундай шароитда харажатларни камайтиришга энг мақбул чора сифатида қарашаяпти. Қолаверса, бунгача ҳам нефть нархининг пасайгани туфайли “Halliburton”да штат жадвали 10 фоиз қисқартирилиши билдирилганди.

Роботлар хизматга шай
Япониядаги банк ҳамда йирик савдо дўконларида роботлар хизмат кўрсата бошлади.
Бу темир “одам”ларга юклатилган вазифа шундан иборатки, улар ушбу муассасаларга келувчи мижозлар, харидорларни кутиб олади ва мавжуд хизмат турлари ҳақида маълумот беради. Айтайлик, мамлакатдаги энг нуфузли банклардан бири — “Tokyo — Mitsubishi UFJ”да айни пайтда иккита робот иш олиб бораяпти. Мазкур дастёрлар 14 тилда савол-жавоб қилишни билади.
Пойтахт Токиодаги “Mitsukoshi” номли универсал магазинда эса аёл қиёфасидаги робот ишга жалб қилинган. Унинг ўзига хос муомала маданияти харидорларга маъқул келмоқда.

Ҳаво мавжларидаги ўзгариш
2017 йилга бориб Норвегиядаги барча радиостанциялар “FM” тўлқинидан “DAB” ва “DAB+” рақамли узатиш форматига тўлиқ ўтади.
Ушбу мамлакатда бундай тизимга ўтиш 1995 йилдан бошланган. Айни пайтга келиб, “DAB” тармоғининг қамрови “FM” тўлқинига нисбатан анча кенгайган. Жумладан, 22 та миллий радиостанция шу йўналишда фаолият кўрсатмоқда.
Рақамли узатиш формати “FM” тўлқинига қараганда сифатлироқ ҳамда шовқиндан яхши ҳимояланган. Қолаверса, ундан фойдаланиш молиявий жиҳатдан саккиз баробар арзон тушаркан. Шу тариқа Норвегия “FM” тўлқинидан бутунлай воз кечаётган биринчи давлатга айланади.

Аввалги йилдагидан кўп
Жорий йилнинг биринчи чорагида жаҳон бўйича алюминий ишлаб чиқариш ҳажми 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 5,5 фоиз ўсди, дейилади “International Aluminium Institute” халқаро ташкилоти маълумотида.
Маҳсулот ишлаб чиқариш борасида ўарбий, Марказий ва Шарқий Европа, Осиё, Океания ҳамда Форс кўрфази давлатлари ижобий натижага эришган. Африка, Шимолий ва Жанубий Америкада эса пасайиш қайд этилган. Бунинг сабаблари изоҳланмаган.
Айтиш жоизки, ўтган йили дунё бўйича алюминий ишлаб чиқариш ҳажми 4,9 фоиз камайиб, буюртмачиларга умумий ҳисобда 53,057 миллион тонна маҳсулот етказиб берилган эди.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn