«Кексаларни эъзозлаш йили» мавзуси «Дунфан Цзабао» газетасида
  • 22 Апрель 2015

«Кексаларни эъзозлаш йили» мавзуси «Дунфан Цзабао» газетасида

Хитой Халқ Республикасининг нуфузли нашрларидан бири — “Дунфан Цзабао” (“Шарқ тонги”) газетасида “Ўзбекистон “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Газета таҳририятининг Халқаро ахборотлар департаменти директори Вэй Син қаламига мансуб ушбу мақолада кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йил Ўзбекистон Республикасида “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани хусусида атрофлича маълумот берилган.
“Ёши улуғ инсонларга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш жамият маънавияти ҳамда маданияти нечоғли юқори даражада эканини намоён этадиган кўрсаткичдир, — дея ёзади муаллиф. — Ўзбек халқи бундай юксак ахлоқий сифатларга неча-неча асрлардан буён оғишмай амал қилиб келади. Кекса авлод вакилларини эъзозлаш мамлакат мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлабоқ давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири экани эса бу фикрни янада яққол тасдиқлайди.
Изчил иқтисодий тараққиёт аҳоли, жумладан, кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси муттасил ошиб боришини таъминламоқда. Фақатгина 2014 йилнинг ўзида нуронийларни қўллаб-қувватлаш мақсадларида давлат бюджетидан
11 триллион 618 миллиард сўм пенсияга, 105 миллиард сўмдан зиёд маблағ эса нафақа тўловлари учун ажратилди. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларига бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, уларнинг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида даволаниши, бошқа зарур воситалар билан таъминланиши ҳам давлат раҳбариятининг доимий эътиборидадир”.
Вэй Син жорий йилда мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларга, кам таъминланган оилаларга аниқ манзилли йўналтирилган ижтимоий ҳимоянинг таъминланиши юзасидан салмоқли ишлар қилинишига алоҳида эътибор қаратган. Мазкур мақолада қайд этилганидек, 2015 йилнинг 18 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури бу эзгу ишлар рўёбида дастуриламал бўлмоқда.
“Ушбу ҳужжатда кексаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатилишини такомиллаштириш, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ҳамда анъаналари руҳида тарбиялашда нуронийларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсади ўз аксини топган, — дея ёзади муаллиф. — Давлат дастури доирасида 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш кучайтирилади, уларга ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатиш кўлами кенгаяди. Кекса авлод вакилларининг фаровон ҳамда муносиб турмуш шароитлари билан таъминланиши учун маҳаллалар, “Нуроний” жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади”.
Мақолада мазкур Давлат дастурида фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини оширишга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланади. “Кекса авлод вакилларини тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган”, дея ёзилади нашрда.
Муаллиф мақола якунида кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан чуқур қониқиш ва миннатдорлик туйғуси мамлакатда ҳукм сураётган тинч ҳамда осойишта ҳаётда, эртанги кунга бўлган ишончда ҳамда ёш авлодни Ватанга, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда ўз аксини топаётганини газетхонлар эътиборига ҳавола қилган.


«Жаҳон» АА.
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn