Хитой оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақида
  • 14 Апрель 2015

Хитой оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақида

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар Хитой оммавий ахборот воситаларининг ҳам диққат-эътиборида турибди. Улар, жумладан, юртимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларига ҳам алоҳида қизиқиш билан қараётгани кузатилмоқда.

 Хусусан, Хитойнинг энг нуфузли нашрларидан бири — “Жэньминь жибао” газетасида “Ислом Каримов Президент сайловида 90 фоиздан зиёд овоз тўплади” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда маълум қилинганидек, ­дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Каримовни ёқлаб овоз берди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ­якуний ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирилмай эълон қилинди, — дея ёзилади нашрда. — 29 март куни бўлиб ўтган сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафар сайловчидан 18 миллион 942 минг нафар ­фуқаро овоз беришда қатнашди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 91,08 фоизини ташкил этди. ­“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, Президент сайлови ўтган, деб ҳисобланди. Сайлов жараёни давомида қонунчилик талаблари ва нормаларининг бузилган­лиги ҳақида ахборотлар ­келиб тушмади”.

“Жэньминь жибао”да алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида дунёнинг 43 мамлакати ҳамда бешта халқаро ташкилотдан 300 нафарга яқин вакиллар кузатувчи сифатида иштирок этди. Улар орасида миллий парламент ва сайлов органларининг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар ва сиёсатшунослар бор.

Ўз навбатида, “Синьхуа” ахборот агентлиги ҳам ушбу мавзуга доир “Си Цзиньпин Ислом ­Каримовни Ўзбекистон Президенти лавозимига сайлангани билан қутлади” сарлавҳали материални эълон қилди.

Унда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин шу йил 30 март куни Президент лавозимига сайлангани муносабати билан Ислом Каримовга табрикнома йўллагани ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

“Мустақиллик йилларида республикада доимий равишда сиёсий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт кучаймоқда, халқ фаровонлиги юксалаяпти, мамлакатнинг халқаро ­нуфузи ошиб бораётир. Хитой етакчиси Ўзбекистон бундан кейин ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида муваффақиятга эришишига ишонч билдирди”, дея ёзилади мақолада.

Шунингдек, “Синьхуа” ахборот агентлиги Ўзбе­кистон — Хитой муносабатлари ривожидаги барқарор ўсувчанликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Таъкидланганидек, икки мамлакат ҳамкорлигининг замонавий босқичи барча соҳадаги ўзаро алоқаларни қамраб олгани ҳолда, дўстона ва ўзаро манфаатли мазмун-моҳиятга эга бўлмоқда. Уларнинг асосини икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончли муносабатлари ташкил этади. Олий даражадаги ташрифлар, шу жумладан, халқаро саммитлар ва минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувлар мунтазам равишда амалга оширилаяпти.

Мақолада таъкидланишича, “Ҳозирги пайтда ҳар икки давлат халқаро майдонда, жумладан, БМТ, ШҲТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар ­доирасида бир-бирини ­сиёсий жиҳатдан ўзаро қўллаб-қувватламоқда. ­Хитой ўзининг ташқи сиёсатида Ўзбекистонга катта эътибор қаратаётгани ҳолда, ушбу мамлакат билан стратегик шерикликни ривожлантириш қарорида қатъийдир”.

 

«Жаҳон» АА.

Пекин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn