Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида орттирилган тажриба
  • 02 Апрель 2015

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида орттирилган тажриба

дунё ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда

Лондон шаҳрининг машҳур тарихий маркази — Ситида “Янги Ипак йўли бўйининг аграр жабҳасига сармоялар” мавзуига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
“New Silk Road Forum” компанияси томонидан Бирлашган хизматлар Қироллик институти (RUSI) ва “Ashurst” юридик фирмаси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.
Конференция доирасида уюштирилган Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятининг тақдимоти чоғида мустақил ривожланиш йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификациялаш ҳамда аҳолини кенг кўламли ва турли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этгани таъкидланди. Маълум қилинишича, республикада қишлоқ хўжалигига хорижий сармоялар ва технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳамда уларни сақлашнинг замонавий тизимини шакллантириш, логистика тизими ва озиқ-овқатларни истеъмолчиларга етказиб бериш -масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“New Silk Road Forum” компанияси бош ижрочи директори А. Камалпур конференция қатнашчиларини қутлар экан, ривожланаётган мамлакатларда аҳоли сони кўпайиши ҳамда жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб бораётгани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришни тақозо этаётгани тўғрисида тўхталди. Шу муносабат билан у минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини -таъминлаш масалаларининг ҳал қилинишига ижтимоий ва ишбилармон доираларни янада фаол жалб этиш зарур эканлигини билдирди. “Аграр жабҳага киритиладиган сармоялар ҳажмларини ошириш лозим”, деди А. Камалпур.
“New Silk Road Forum” компанияси раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сақлаш, транспорт инфратузилмаси ҳамда мутахассисларни ўқитиш тизимларини ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлар экан, Ўзбекистоннинг бу соҳалардаги тажрибасига ижобий баҳо берди.
Шунингдек, тақдимот чоғида “Навоий” эркин иқтисодий-индустриал зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида хорижлик шериклар учун яратилган шароитлар ҳақидаги маълумотларга алоҳида урғу берилди.
2012 — 2014 йиллар мобайнида Ўзбекистонда сабзавот етиштириш 16,3 фоиз, полиз экинлари 16,6 ва мева етиштириш қарийб 21 фоиз ўсгани ҳамда янги боғ ва узумзорлар, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сақлаш тизимларини қуриш ва модернизациялаш юзасидан Ўзбекистоннинг 2016 йилгача мўлжаллаган истиқболдаги режалари ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Шу ўринда улар республикамизнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш салоҳияти, трактор, ғаллани ўриб-йиғиб оладиган комбайн, плуг ва бошқа ускуналар ишлаб чиқариш бўйича “Claas”, “Lemken” ва “Case New Holland” сингари жаҳонга машҳур компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлиги билан яқиндан танишдилар.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистонда минтақа миқёсидаги ҳамда мамлакат ҳудудидаги -транспорт коммуникацияларини ривожлантиришга устувор аҳамият берилаётгани хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди. Шу ўринда Ўзбекистоннинг халқаро транспорт коммуникацияларини ривожлантиришдаги иштироки, Навоий шаҳридаги интермодал -логистика маркази фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ҳам тақдимот қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг аграр жабҳасида улкан инфратузилмавий ва сармоявий салоҳият мавжудлиги қайд этилгани баробарида, минтақада озиқ-овқат хавф-сизлигини таъминлашда юртимиз муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.


«Жаҳон» АА.
Лондон

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn