Японияда Наврўз шукуҳи
  • 28 Март 2015

Японияда Наврўз шукуҳи

Токиода баҳор айёми — Наврўзи оламга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Япониянинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда табиат уйғониши ва янгиланиши рамзи, ҳар бир хонадонга гўзаллик, бағрикенглик ва мурувват олиб келадиган Наврўз ажойиб байрам эканлиги қайд этилиб, у Ўзбекистонда жуда кенг нишонланиши, яъни умумхалқ сайиллари, куй-қўшиқлардан иборат маданий дастурлар ташкил қилиниши, байрам куни сумалак, кўксомса ва бошқа турли миллий таомлар тайёрланиши анъанага айлангани ҳам алоҳида таъкидланди. 
“Ипак йўли” япон мусиқа ансамблининг ўзбек ашула ва рақсларидан ташкил топган маданий дастури намойиши байрам тадбирига алоҳида шукуҳ бағишлади. 
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири маросим иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Казуюхи ХАМАДА, Япония парламенти юқори палатасининг депутати:
— Ўзбекистон ва Японияни дўстлик ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг тарихий ришталари бир-бирига боғлаб туради. Бугун биз Токиода бўлиб ўтган байрам тадбири чоғида ўзбек халқининг очиқкўнгиллиги ва меҳмондўстлигидан яна бир маротаба баҳраманд бўлдик. Шубҳа йўқки, бундай маросимлар мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига кўмаклашади. 
Мустақил ривожланиш йиллари давомида Ўзбекистон барча соҳада катта муваффақиятларни қўлга киритди. Бугунги кунда у ўсишнинг юқори суръатларини намойиш этаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
Ўзбек халқини Наврўз байрами билан чин дилдан муборакбод этар эканман, уларга бундан ҳам улкан муваффақиятлар ва фаровонлик тилайман.

Хироясу КОБАЯШИ, “Min-on” мусиқа уюшмаси президенти:
— Биз бугун ўзбек халқи маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш учун имконият яратилганидан беҳад мамнун бўлдик.
Цивилизацияларнинг тарихий чорраҳаси ҳамда Буюк Ипак йўлининг маркази ҳисобланадиган Ўзбекистон қадим ва кўп асрлик анъаналарга эга. Наврўз улардан бири ҳисобланади. Бу байрам ўзининг кўҳналиги ва ҳайратомуз гўзаллиги, чуқур мазмун-моҳияти, ўзбек халқининг ўзига хослиги ва менталитетини акс эттириши билан ажралиб туради.
Барча ўзбекистонликларни ушбу ажойиб шодиёна билан табриклайман.


«Жаҳон» АА.
Токио

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn