Инесе Либиня-Эгнере: «Ўзбекистонда мустаҳкам иқтисодий асос ва барқарор сиёсий муҳит яратилган»
  • 22 Март 2015

Инесе Либиня-Эгнере: «Ўзбекистонда мустаҳкам иқтисодий асос ва барқарор сиёсий муҳит яратилган»

Яқинда Латвияда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикасининг Ригадаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Латвия Сейми депутатлар корпусининг қатор вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда юртимизда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида фуқаролик жамияти институтларини янада мустаҳкамлаш, қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари ўртасидаги ваколатлар мувозанатининг таъминланиши бўйича конституциявий меъёрларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар мулоқотларнинг асосий мавзуи бўлди.

Давра суҳбатида шу йил 29 мартига белгиланган Президент сайловига тайёргарлик кўрилиши ва унинг ўтказилиши масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг сайлов тизимини босқичма-босқич ва изчил ислоҳ этиш, фуқаролар ва сиёсий партияларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ҳамда жамият қурилишида эркин ва фаол қатнашишлари учун ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий шарт-шароитларни яратиш стратегиясини ҳаётга татбиқ қилиб келмоқда. Шу ўринда кўппартиявийлик, муқобиллик ва демократия асосидаги сайловларнинг ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига эга бўлган республикамиз сайлов тизими тараққиётидаги асосий босқичлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Латвия Сейми спикерининг ўринбосари Инесе Либиня-Эгнере Президент сайловида кузатувчи бўлиб иштирок этиш юзасидан мамлакатимизга таклиф қилингани учун Ўзбе-кистон томонига миннатдорлик билдирди.

— Мамлакат ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий воқеада қатнашиш учун Ўзбекистонга борадиган Латвия Сейми делегациясига раҳбарлик қилиш менга катта шараф бағишлайди, — деди у. — Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг юксак мақсадларни кўзлаган ҳолда, аввалбошданоқ танлаб олган йўлидаги бундан кейинги тараққиёти бўлажак сайлов натижаларига боғлиқдир.

Латвия парламенти спикерининг ўринбосари Европа Иттифоқи мамлакатлари, шу жумладан, Латвия ҳам Ўзбекистонга Марказий Осиёнинг ўта муҳим давлати, минтақа тинчлиги ва барқарорлигининг кафолати сифатида қарашини айтди. “Бу баҳо кўпгина юқори лавозимли сиёсатчилар ва таниқли хорижий экспертларнинг холис нуқтаи -назарларига асосланган”, дея таъкидлади у.

Инесе Либиня-Эгнеренинг эътирофича, мустаҳкам иқтисодий асосларнинг яратилгани ҳамда барқарор сиёсий муҳитнинг мавжудлиги Ўзбекистонга ҳокимиятнинг барча тармоғини мувофиқлаштириш, парламентнинг ўрнини мустаҳкамлаш ва унга Президент ваколатларининг муайян қисмини бериш, демократик қадриятларга эга бўлган давлатни барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга йўналтирилган ислоҳотларни ҳамда ўзгаришларни ҳаётга татбиқ қилиш имконини берди.

У Ўзбекистондаги барқарорлик ҳамда мустақиллик йиллари давомида қўлга киритилган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юқори кўрсаткичлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари ҳимояси, демократик давлат ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини билдирди.

— Мамлакатни янада демократлаштириш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарувини либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллиги, ахборот ва сайлов эркинлиги ҳамда сайлов тизими ва фуқаролик институтлари тараққиётини таъминлаш учун конституциявий меъёрларни мустаҳкамлаш масалаларида Ўзбекистон тўплаган тажриба мутахассис сифатида мени қизиқтиради, — деди Инесе Либиня-Эгнере. — Менинг фикримча, давлат қурилиши соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган ўзгартишлар, шуб-ҳасиз, мамлакат Президенти, парламенти ва ҳукумати ваколатларини, қонунчилик, ижро ҳамда суд ҳокимияти ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати механизм-ларини янада мақбуллаштиришни таъминлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда вакиллик органларининг мамлакат ҳудудларидаги давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни сезиларли даражада ошгани, улар мустақиллиги ҳамда ваколатлари доирасининг кенгайгани қабул қилинган қонунларнинг бажарилиши юзасидан ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширади.

Умуман олганда, яратилган ана шундай меъёрий-ҳуқуқий замин дунёда давом этаётган -молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омил бўлди, деган фикрга қўшиламан. Статистика маълумотларида -кейинги йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши суръати 8 фоиздан кам бўлмаган кўрсаткични ташкил қилаётгани қайд этилган. Саноат ишлаб чиқариши, сармоялар ва аҳолининг реал даромадлари ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда.

Биз Ўзбекистон эришган муваффақиятларни юқори баҳолаймиз ҳамда республиканинг ўзи белгилаб олган тараққиёт йўналишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Фурсатдан фойлаланган ҳолда, мамлакат раҳбариятини, ҳамкасбларимни ва Ўзбекистон халқини баҳор айёми, янгиланиш ҳамда меҳр-мурувват байрами — Наврўзи олам билан табриклайман. Барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, эзгулик ҳамда янада гуллаб-яшнаш йўлида Ўзбекистонга ўзимнинг эзгу тилакларимни билдираман.

 

«Жаҳон» АА.

Рига

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn