Кредиторлар қарори
  • 25 Февраль 2014

Кредиторлар қарори

Буюк Британиянинг “Royal Bank of Scotland” банки мавжуд иш ўринлари сонини 30 мингтадан кўпроққа камайтиришни режалаштирмоқда.

“The Daily Telegraph” нашрининг ёзишича, ушбу қарор кредиторлар томонидан қабул қилинган. Улар мазкур йўл орқали банкни яна рентабелликка қайтариб, капиталини оширишни режалаштиришаяпти.
Бундан ташқари, “Royal Bank of Scotland” келгусида бир қатор операцияларни ҳам қисқартиради. Масалан, молия муассасаси қалтис амалиётларни бажармайди ва бефойда халқаро активлардан воз кечади.

Зарар билан якунлади
Франциянинг “PSA Peugeot Citroen” автомобилсозлик компанияси 2013 йилда 2,32 миллиард евро миқдорида зарар кўрди.
Шу тариқа компания фаолиятида кетма-кет иккинчи бор рентабеллик кузатилмади. Чунки у 2012 йилни бундан-да кўпроқ — беш миллиард евро миқдоридаги зарар билан якунлаган эди.
Мутасаддилар “PSA Peugeot Citroen” 2016 йилга бориб яна фойда ола бошлашига умид қилишмоқда. Чунки яқинда бўлиб ўтган директорлар кенгаши йиғилишида компаниянинг келгуси фаолияти учун режа қабул қилиниб, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга уч миллиард евро миқдорида сармоя йўналтиришга келишиб олинди. Бунинг эвазига у Осиёда бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширади.

Изидан чиқиб кетди
Канадада юк поезди изидан чиқиб кетди.
Бу хабар мамлакат темир йўл компанияси — “Canadian National Railway” томонидан ҳам тасдиқланган. Жабрланганлар ва қурбонлар йўқ.
Воқеа оқибатида локомотивлардан бирининг баки зарарланган ва натижада икки тонна дизель ёнилғиси ерга тўкилган.
Поезднинг нима сабабдан ҳалокатга учрагани ҳозирча номаълум.

Кескин пасайиш
Якунланган йилда Италиянинг “Gucci” модалар уйи кўрган соф фойда миқдори 50 миллион еврони ташкил қилган.
Бу сўнгги йилларда унинг фаолиятида кузатилган энг ёмон кўрсаткичдир. Айтайлик, “Gucci” 2012 йилни бир миллиард евро миқдоридаги соф фойда билан якунлаган эди.
Модалар уйи фаолиятидаги бундай салбий ҳолат ўтган йили Европага пулдор сайёҳларнинг келиши камайгани билан изоҳланмоқда.

Энг йирик битим
“Facebook” ижтимоий тармоғи “WhatsApp” хабарлар хизматини сотиб олди.
Ушбу келишув харидор учун 19 миллиард АҚШ долларига тушди. Ўз навбатида, бу нафақат “Facebook”, балки ахборот технологиялари соҳаси тарихида ҳам йирик битим бўлди.
“WhatsApp” ҳозир энг кўп фойдаланувчига эга хабарлар хизмати ҳисобланади. Ундан 450 миллион нафар одам фойдаланади ва кунига 50 миллиард атрофида хабар алмашиниб туради.
Эътиборли жиҳати, “WhatsApp” ўз савдо белгисини сақлаб қолади. Унинг асосчиси Ян Кум эса “Facebook” директорлар кенгашига қабул қилинади. Ўтган йили “Facebook” худди шу тартибда “Instagram” суратлар иловаси дастурини ўз “оила”сига қўшиб олган эди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn