«Мамлакатингиз барқарор тараққиёт йўлидан бормоқда»
  • 14 Март 2015

«Мамлакатингиз барқарор тараққиёт йўлидан бормоқда»

Мадридда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги элчихонаси томонидан “Sercobe” компанияси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Мадрид Савдо-саноат палатаси, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган Испания компаниялари, жумладан, маиший техника, тўқимачилик саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган нуфузли корхоналар вакиллари қатнашди.

Тақдимот доирасида иштирокчилар 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари билан яқиндан танишдилар. Республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулай ва жозибали сармоявий муҳит ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш ­уйғотди.

Шунингдек, анжуманда юртимизда ташкил қилинган махсус индус­триал зоналар, ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар ва албатта, хорижий сармоядорлар учун яратилган кенг қамровли имтиёзлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Тадбирнинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюлари чоғида бўлиб ўтган тақдимот юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

Жумладан, “Sercobe” компаниясининг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича директори Э. Родригез Ўзбекистоннинг бугунги кунгача эришган иқтисодий муваффақиятларини ижобий баҳолади.

— 2014 йили Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 108,1 фоизни ташкил қилгани мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиёт йўлидан бораётганини тасдиқлайди, — деди у. — Бугунги тадбир Испания компаниялари вакилларига юртингиз бозори салоҳияти, шу жумладан, мамлакатда хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёз ҳамда қулайликлар билан яқиндан танишиш учун ажойиб имконият яратди.

Маълумки, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Испания корхоналари билан ҳамкорликда ташкил қилинган қатор қўшма лойиҳалар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Саноат корхоналарини технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича лойиҳалар бунга ёрқин мисол бўла олади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан яратиб берилаётган қўшимча сармоявий имкониятлар Испания компанияларининг мамлакатингиз ишбилармонлари билан ўзаро ҳамкорликка қизиқиши янада кучайишига туртки бермоқда.

“Acciona” компаниясининг Шарқий Европа ва Осиё давлатлари бўйича директори Х. Фернандес ҳукумат томонидан амалга оширилаётган пухта чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари кузатилаётгани хусусида тўхталаркан, бу хорижий сармоядорларни мамлакатга жалб ­қилаётган энг муҳим омиллардан бири эканини алоҳида таъкидлади.

— Шу боисдан ҳам “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ва “Ангрен” махсус индустриал ­зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш испаниялик ишбилармонларда катта қизиқиш ­уйғотмоқда, — деди у.

“TORO” компанияси бош директори Ф. Алгара ўз компанияси енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини айтиб ўтди.

— Ўзбекистон жаҳон пахта бозорида, шунингдек, тўқимачилик саноатида муҳим ўринга эга мамлакат ҳисобланади, — деди компания директори. — Шу боис биз яқин истиқболда Ўзбекистонда тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очиш масаласини муҳокама қилиш ниятидамиз. Айни пайтда мазкур йўналишдаги ­имкониятларни диққат билан ўрганаяпмиз.

 

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn