Ўзбекистон тажрибаси жаҳон ҳамжамияти нигоҳида
  • 12 Март 2015

Ўзбекистон тажрибаси жаҳон ҳамжамияти нигоҳида

Ўзбекистоннинг жамиятни демократлаштириш ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш, ўз фуқаролари учун юксак даражадаги турмуш шароитларини яратиш ва уларнинг фаровонлигини ошириш йўлидаги қадамлари жаҳон миқёсида юқори баҳога сазовор бўлмоқда. Кўпгина халқаро институтлар ҳамда тадқиқот ташкилотларининг рейтинг маълумотлари ана шундан далолат беради. Улар эълон қилаётган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатимиз борган сайин юқори ўринларга кўтарилмоқдаки, бу дилларимизда фахр ва дахлдорлик туйғуларини уйғотмаслиги мумкин эмас.

Бугун Ўзбекистон изчил тараққий топаётган давлат ва жаҳон ҳамжамиятининг халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутаётган тенг ҳуқуқли аъзосидир. Унинг кенг миқёсли демократик ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги тажрибаси изчил ривожланишнинг муваффақиятли модели сифатида халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани ҳолда, кўплаб мамлакатларнинг экспертлари ва сиёсатчилари томонидан атрофлича тадқиқ қилинмоқда.
Бунга, кўп жиҳатдан, Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги фаол ҳамкорлиги кўмаклашаяпти. Улар мамлакатимизга халқаро миқёсдаги долзарб муаммоларнинг ҳал этилишидаги муҳим ҳамда вақт синовидан ўтган -шерик сифатида қарашмоқда.
Шу билан бирга, нуфузли халқаро тузилмалар республикамизда рўй бераётган сиёсий ва иқтисодий жараёнларга, давлат ҳамда жамият ҳаётидаги изчил ислоҳотлар натижасида қўлга киритилаётган муваффақиятларга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши ҳамда уларнинг фаровонлиги юксалишига катта қизиқиш билдиришаётир.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ва эришган муваффақиятлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги сингари кўп томонлама институтлар ҳамда бошқа ташкилотлар доирасида алоҳида қизиқиш билан кўриб чиқилаётгани ҳам тез-тез кузатилаётир.
Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда Бош Ассамблея йиғилишларининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинмоқда. Мазкур ҳужжатларда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш, экология, ёшлар сиёсати, озиқ-овқат хавфсизлиги, фуқаролик жамияти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши сингари соҳаларда эришилаётган натижаларнинг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистоннинг давлат ва жамиятни модернизациялаш бўйича эътиборга молик тажрибаси БМТ тизимига кирадиган халқаро институтларда ҳам алоҳида қизиқиш уйғотаяпти. Улар орасида Женевадаги БМТ бўлими, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ), БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕЭК), Савдо ва ривожланиш бўйича БМТ конференцияси (ЮНКТАД), Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ВОИС), Халқаро Меҳнат ташкилоти (МОТ), Бутунжаҳон Савдо ташкилоти (ВТО), БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП), ОИТС билан курашиш бўйича БМТ дастури, Парламентлараро иттифоқ ҳамда бошқа ташкилотлар мавжуд.
2015 йил бошидан буён Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича мамлакатимиз тажрибаси, 2014 йилда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари ҳақидаги ахборот материаллари БМТ Бош Ассамблеяси 69-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида тарқатилди.
Шунингдек, мазкур ахборот материаллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 57 иштирокчи мамлакати, ушбу ташкилотнинг 11 ҳамкор давлати, ЕХҲТ институтлари ҳамда дала миссиялари ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ҳамда МДҲга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳам тарқатилди.
Юқоридагилардан ташқари, БМТнинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги, ЕХҲТнинг Венадаги, МДҲнинг Минскдаги қароргоҳларида ўтказилаётган турли тадбирлар — брифинг, тақдимот маросимлари ва учрашувлар чоғида ҳам юртимизда кечаётган ўзгаришларга нисбатан халқаро ҳамжамиятнинг эътибори ва қизиқиши тобора ўсиб бораётгани намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, иқтисодиётни модернизациялаш ҳамда либераллаштириш жараёнлари хусусидаги ўзгаришлар юзасидан нуфузли давлатлараро тузилмаларнинг раҳбарлари ва вакиллари томонидан билдирилган кўпдан-кўп фикр-мулоҳазалар ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Жумладан, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕЭК) ижрочи котибининг ўринбосари Андрей Васильев маълум қилганидек, БМТ Европа иқтисодий комиссияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласига катта эътибор билан қарайди. “Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг изчил ривожланиб бораётган ва диверсификациялашган иқтисодиётга эга бўлган ўта муҳим мамлакатидир, — дейди у. — Мен ўн йилдан зиёд давр мобайнида республикага мунтазам бориб тураман ва ҳар сафар унинг шитоб билан ривожланаётганига гувоҳ бўламан. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлашга, нафақат республика пойтахтида, балки унинг узоқ ҳудудларида ҳам инфратузилмани равнақ топтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон экология, уй-жой хўжалигини ривожлантириш, инновация асосидаги тараққиёт, тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг муҳим шериги ҳисобланади. Биз уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси биз учун жуда қизиқарли ва кераклидир. Умид қиламизки, мазкур йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлигимиз муваффақиятли давом этади”.
ЕХҲТ Бош котиби Ламберто Занньернинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотнинг муҳим аъзоси ҳисобланади. Унинг эътирофича, тинчлик, хавфсизлик ва дўстлик ғоялари умумжаҳон миқёсида илгари сурилишида мамлакатимиз муҳим ўринга эга бўлиши баробарида, ЕХҲТ фаолиятига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшмоқда.
Ўз навбатида, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб фикр билдирганидек, глобал ва минтақавий инқирозлар шароитида узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлаш борасида Ўзбекистон сезиларли тараққиётга эришди.
У баркамол авлод тарбияси ҳақида тўхталар экан, юртимизда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини такомиллаштириш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди. Жумладан, Ж. Якабнинг фикрича, Ўзбекистон оналар ва болалар ўлимини камайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш борасида ижобий натижаларни қўлга киритди. Шу билан республика Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш ишига салмоқли ҳисса қўшди.
БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) Европа минтақавий идораси директорининг ўринбосари Сильви -Мотар экология соҳасида, “яшил иқтисодиёт”, атроф-муҳит ҳимояси ҳамда биохилмахиллик сингари масалаларни илгари суришда мамлакатимиз билан ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини қайд этди. Шу ўринда С. Мотар таъкидлаганидек, ўз ташкилоти нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (МФСА), Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссия (МКУР) сингари минтақавий тузилмалар фаолиятига Ўзбекистон қўшаётган салмоқли ҳиссани ҳам муносиб баҳолайди.
“Ўзбекистонда жорий йил 29 март куни Президент сайлови бўлиб ўтишидан хабардорман, — дейди у. — Сайлов давлат ҳаётидаги жуда муҳим палла бўлади. Юксак лавозимга даъвогар сифатида тўрт нафар номзоднинг қўйилгани мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг амалий натижасидан далолатдир. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг бир бўлаги сифатида бизни жуда қувонтиради. Тақдим этилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, олдинда турган сайловлар муваффақиятли ўтишига тилакдош эканлигимни айтишни истар эдим”.
Парламентлараро иттифоқнинг Халқаро алоқалар бўйича департаменти раҳбари Анда Филип ўзбек аёлларининг давлат ҳаётида, жумладан, парламент фаолиятида фаол иштирок этаётганини ижобий баҳолади. Шу боис у республикада парламентаризм институтини такомиллаштириш, қонунчилик органи ваколатларини кенгайтириш ҳамда кучайтириш ва давлат органлари фаолияти устидан парламент назоратининг таъминланиши бўйича амалга оширилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, А. Филип мамлакатимизда Ватан фаровонлиги йўлида елкама-елка меҳнат қилаётган турли миллат ҳамда элат вакиллари ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити ҳукм сураётганини Ўзбекистон эришган муваффақиятлар ҳамда изчил тараққиётнинг муҳим омили сифатида қайд этди.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан қаратилаётган бундай катта эътибор ва берилаётган ижобий баҳолар Ўзбекистон раҳбарияти танлаган тараққиёт йўлининг тўғрилигини, чуқур ўйланганини ва самарадорлигини яна бир бор тасдиқлаши баробарида, мамлакатимиз эришаётган муваффақиятлар дунёда кенг эътироф этилаётганидан ҳамда унинг ички ва ташқи сиёсати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини ёрқин ифода этади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn