Миллатлар ҳамжамияти Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишди
  • 06 Март 2015

Миллатлар ҳамжамияти Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишди

Женевадаги БМТ Миллатлар саройида (Швейцария) шу йил 29 март куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда дипломатия корпуси ва халқаро ташкилотлар, Швейцариянинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбир иштирокчилари сайловга пухта ҳозирлик кўрилиши ва ўтказилишининг ташкилий-амалий жиҳатлари, номзодларга ўзларининг Сайловолди дастурларини жамоатчиликка етказишлари учун бир хил имконият яратилганлиги, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бундан кейин ҳам изчил тараққий топишида, шунингдек, ­нафақат республикада, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликнинг янада мустаҳкамланишида алоҳида аҳамиятга эгалиги билан боғлиқ маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Қайд этилганидек, ушбу сайлов кампанияси сиёсий партиялар фаоллиги ҳамда партиялараро ўзаро рақобат кучайган шароитда ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш учун барча, яъни тўрт сиёсий партиядан номзодлар кўрсатилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Шу билан бирга, брифинг иштирокчилари сайлов жараёнида шаффофлик, очиқлик ва ошкораликнинг таъминланиши, хусусан, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг таклиф этилиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан ҳам таништирилди.

Бундан ташқари, республикамизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган кенг қамровли ижти­моий-иқтисодий муваф­фақиятлари, “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган жорий йилдаги иқтисодий ривожланишнинг устуворликлари хусусидаги ахборотлар ҳам тадбир қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Брифинг якунида ­“Жаҳон” ахборот агентлиги мух­бири айрим иштирокчилар ­билан суҳбатлашди.

Жумладан, Женева Дипломати клуби президенти Роберт Блум мамлакатимизда парламент ва сиёсий партияларнинг ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан кўрилган чора-тадбирларни юқори баҳолар экан, “Улар Ўзбекистоннинг демократик ривожланиш йўлига содиқ эканлигини намойиш этди”, дея таъкидлади. У яқинда Ўзбе­кистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари юксак даражада ташкил қилинганини ва бу Европада хавф­сизлик ва ҳамкорлик ­ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси маърузасида ҳам ўз тасдиғини топганини айтиб ўтди.

Бўлажак Президент ­сайлови ҳақида тўхталар экан, Р. Блум юртимизда фаолият юритаётган барча — тўрт партиядан номзодлар кўрсатилгани сиёсий фикрлар хилмахиллигига асосланган демократияни қуриш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

У, шунингдек, сайлов кампанияси оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши ва халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилиши асносида Президент сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ҳамда овоз бериш якунларини чиқариш бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан қаратилаётган эътиборни ҳам ижобий баҳолади.

2014 йил декабрида мамлакатимиз бўйлаб амалга оширган сафари якунлари ҳамда Ўзбе­кистон ҳақидаги ўз таассуротларини ўртоқлашар экан, Женева шаҳри фахрий мэри П. Мюллер икки палатали парламент ­ваколатларини кенгайтириш ва сиёсий партиялар ролини кучайтириш йўли билан республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш жараёнига ҳам эътибор қаратди. У Ўзбекистонда бўлгани чоғида ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишганини қайд этар экан, юртдошларимиз меҳмон­дўстлигини тўла ҳис қилиш ­билан бирга, кўп миллатли республикамиздаги миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликнинг ҳамда улкан иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятининг шоҳиди бўлганини билдирди. П. Мюллер “Халқаро яшил хоч” экологик ташкилотининг вице-президенти сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракатининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштирокини рағбатлантириш асносида республикамизда атроф-муҳит муҳофазаси ­билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни ҳам ижобий баҳолади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти сайловининг халқаро меъёрларга мувофиқ равишда ўтказилиши мамлакатда демократия жараёнининг янада илгари сурилиши ва барқарор ривожланиш борасида улкан аҳамият касб этади. Шу боис европалик кузатувчилар мазкур сайлов кампаниясига, хусусан, Президент лавозимига кўрсатилган номзодлар учун тенг шароитларнинг яратилиши масаласига жиддий қарамоқда.

Женеванинг фахрий мэри, шунингдек, Швейцария — Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда маданий-гуманитар алоқалар кўлами кенгайишини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини таъкидлади.

Швейцариянинг хориж матбуоти уюшмаси вице-президенти К. Фианкан-Боконга изчил ривожланиши, маданий ранг-баранглиги ва иқтисодий ҳамда сиёсий модернизациялашув жараёнидаги фаоллиги билан Ўзбекистон ўзини ҳайратга солганини қайд этди. У 2014 йилнинг декабридан буён демократик институтларнинг янгиланиши юзасидан бўлиб ўтаётган сайлов тадбирлари мамлакатнинг янада барқарор тараққиётида долзарб ўрин тутишини таъкидлади. К. Фианкан-Боконга сайлов қонунчилиги ва тажрибасини такомиллаштириш, фуқароларнинг, шу жумладан, аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга, шу билан бирга, сайлов кампаниясининг оммавий ахборот воситаларида кенг ­ёритилаётганига ижобий баҳо берди. Унинг айтишича, бўлажак Президент сайловини кузатишда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг экспертлари қатнашиши мазкур сиёсий тадбирнинг шаффофлик, очиқлик ва халқаро меъёрларга мос келадиган демократия ­асосида ўтишини таъминлашга кўмак­лашади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг бугунги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир маълумотлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизни модерниза­циялаш, инфратузилмаларни янгилаш ҳамда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар улар томонидан ижобий баҳоланди.

 

«Жаҳон» АА.

Женева

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn