«Ижтимоий адолат ва халқ фаровонлиги — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари»
  • 05 Март 2015

«Ижтимоий адолат ва халқ фаровонлиги — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари»

Ўз-ўзидан аёнки, Ўзбекистон Республикасининг ўсувчан тараққиёти, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамияти асосидаги ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш йўлида эришаётган салмоқли муваффақиятлари хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда эксперт доираларида жиддий қизиқиш уйғотмоқда.

Бугунги кунда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа остонасида, яъни 2015 йилнинг 29 март кунига мўлжалланган Президент сайлови арафасида турган Ўзбекистонга, унинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига нисбатан қизиқиш тобора ортмоқда. Ҳар томонлама изчил тараққиёт кузатилаётган ҳамда фуқаролик жамиятининг роли кун сайин ўсиб бораётган шароитда мамлакатимиздаги сайловолди жараёнлари хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани ана шундан далолат беради.

Шу кунларда “Diplomatic World” ва “Diplomatic Magazine” (Бельгия), “Diplomat”, (Буюк Британия), “Diariofinanciero” (Испания), “The Korea Post” (Корея Республикаси), “Sekkai Nippo” ҳамда “Japan News” (Япония), “Гуанмин жибао” (ХХР), “Парламентская газета” (Россия), “The Diplomatic Insight” (Покистан), “Iran Daily” (Эрон), “Times Kuwait” (Кувайт), “Arab News” (Саудия Арабистони Подшоҳлиги) ва жаҳоннинг бошқа кўпгина нуфузли оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда бўлиб ўтажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳақидаги ахборот материалларини ўз саҳифаларида ёритиб боришмоқда.

Дунёнинг етакчи таҳлил марказлари ҳамда тадқиқот институтлари ҳам мустақил Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Улар республикамизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ҳақидаги материалларни ўзларининг электрон порталларига жойлаштиришмоқда. Улар орасида Жорж Вашингтон университети (АҚШ), Халқаро сиёсий тадқиқотлар инс­титути (Италия), Шанхай Хорижий тиллар университети (ХХР), Сайлов тизими халқаро экспертлик маркази (Исроил) ва ­бошқа кўплаб ташкилот ҳамда муассасалар бор.

Мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли натижалари халқаро расмий ­доиралар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Бугунги кунда дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида тан олинган, чуқур ўйланган ва узоқ муддатли ислоҳотлар дас­тури, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда либераллаштириш, тубдан ва тизимли асосдаги ўзгартиришлар ҳамда модернизациялаш жараёнига халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий мамлакатларнинг давлат арбоблари ва ­сиёсатчилари алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Жумладан, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕЭК) ижрочи котиби ўринбосари Андрей Васильевнинг фикрича, Президент сайлови Ўзбекис­тоннинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланиши таъминланаётгани ҳамда фуқаролик жамияти мустаҳкамланаётгани шароитида ўтмоқда. “Республика Марказий Осиёда ўта муҳим аҳамиятга эга ва БМТ Европа иқтисодий комиссияси Ўзбекистонни ўзининг муҳим шериги деб ҳисоблагани боис ташкилотимиз минтақалараро алоқаларни мус­таҳкамлаш масалалари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрдир”, деди у.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибининг ­сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдулла ибн ­Абдураҳмон Олим сиёсий тараққиёт, иқтисодий фаровонлик ҳамда ўз хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон энг тўғри ва самарали йўлни танлаган, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, республикамизда турли динлар, миллат ҳамда элатлар вакиллари ўзаро тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаётганини, юртимизда ҳукм сураётган барқарор ижтимоий-сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий вазиятни Ислом ҳамкорлик ташкилоти юқори баҳолайди. Улар жамиятнинг барча соҳасини ривожлантириш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.

Латвия Республикасининг собиқ президенти Валдис Затлерс фикр билдирганидек, давлат бошқарувида парламент­нинг ўрнини изчил мустаҳкамлаб боргани Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган энг муҳим муваффақиятларидан бири ҳисобланади. Унинг қайд этишича, фуқаролар ҳуқуқий маданиятининг юксалишига эришилгани ҳам катта аҳамиятга эга. В. Затлерс республикамиздаги фуқаролик инс­титутларининг фаолиятини юқори баҳолар экан, “Аҳолининг ижтимоий бирлашмаларда қатнашиши мамлакат жамиятининг етуклигидан далолат беради”, деди.

Индонезия Республикаси олий таълим, илм-фан ва технологиялар вазири Муҳаммад Носир Ўзбекистон барча соҳада эришган муваффақиятлар юксак эътирофга лойиқ эканлигини таъкидлар экан, мамлакатимизда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илм-фан тараққиёти ва инновация технологияларини қўллаш учун яратилган қулай шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратди.

М. Носирнинг қайд этишича, бўлажак сайлов республикада тараққиётга эришиш ҳамда мамлакат фаровонлиги учун кенг қамровли ўзгаришларни давом эттириш йўлида рағбат бўлиб хизмат қилади ва Ўзбекистон ҳаётидаги ушбу муҳим тадбир ўз Ватанининг порлоқ келажаги учун барча фуқароларнинг бирдам бўлишига даъват этилгандир.

Индонезия Республикаси Бош сайлов комиссияси раиси Ҳусни Маникнинг ишонч билан таъкидлашича, “Сайловлар ўтказиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси дунёдаги энг демократик андозалардан биридир, сайловчиларнинг умумийлик, тенг ҳуқуқлилик асосидаги яширин овоз беришда тўғридан-тўғри иштирок этишлари мазкур андозанинг асосий тамойиллари ҳисобланади”.

Сингапур менежментни ривожлантириш институти бош котиби Раманатан Тейвендран кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг йиллик ўсиши барқарор равишда 8 фоиздан зиёд кўрсаткични ташкил қилаётгани диққатга молик жиҳат эканлигини қайд этди. Ҳатто жаҳонда рўй берган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам Ўзбекистон барча қийинчиликларни ишонч билан енгиб ўтгани ҳолда, ўсишнинг барқарор суръатларини ҳамда пул қадрсизланиши ва ишсизликнинг аввалги даражасини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Унинг фикрича, бу тараққиётнинг “ўзбек модели” номи билан бутун дунёда ўз эътирофини топган, ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг самарали ҳамда яшовчанлигини, бундан кейин ҳам изчил тараққий топиш учун улкан салоҳиятнинг мавжуд эканини тасдиқлайди.

Сайлов тизими халқаро экс­пертлик маркази президенти Александр Цинкер сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунчилик ҳужжатларига фуқаролар ҳамда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнида эркин ва фаол иштирок этишини таъминлайдиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилганига эътибор қаратди.

“Мазкур ислоҳотлар ҳокимиятнинг ягона манбаи сифатида халқнинг сайлов ҳуқуқи ҳаётга тўла татбиқ этилишини кафолатлайди. Уларнинг самарадорлиги 2014 йили бўлиб ўтган парламент сайловлари чоғида яққол намоён бўлгани баробарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик муҳитида муваффақиятли ўтишига замин яратди”, деди А. Цинкер.

Шу билан бирга, рақобат асосидаги кўппартиявийлик тизимини шакллантириш, эркин оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, парламентаризм институтини кучайтириш, унинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси жаҳон экспертлар ҳамжамияти томонидан атрофлича ўрганилмоқда. Ўзбекис­тоннинг замонавий сайлов тизими энг юксак халқаро демократия мезонларига мос эканлиги хорижий давлатлар илмий-академик доираларининг кўпгина вакиллари томонидан эътироф этилмоқда.

Маъмурий фанлар халқаро институти (Бельгия) Бош директори Роле Лоретаннинг таъкидлашича, олдинда турган сайловларда мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялардан номзодлар қатнашмоқда, уларнинг дастурлари аҳоли турли қатламлари манфаатларини қамраб олган. “Бу сайловчиларга Ватан келажаги бўйича ўз нуқтаи назарини билдирган у ёки бу номзодни танлаб овоз бериш имконияти берилганини англатади. Ана шундай имкониятнинг мавжудлиги халқ хоҳиш-иродаси эркин ифода этилишининг муҳим мезонларидан бири бўлиб, у давлатнинг яхлитлигини мустаҳкамлашга ҳамда унинг демократия йўлида янада муваффақиятли ­илдамлашига кўмаклашади”, деди Р. Лоретан.

Халқаро муносабатлар инс­титути директори (Греция) Андреас Андрианопулоснинг қайд этишича, мамлакатимиз улкан иқтисодий салоҳиятга эга, шу боис бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Умумжаҳон иқтисодиётидаги салбий ҳолатларга қарамасдан, республика изчил ривожланаётгани эса танланган йўлнинг тўғрилигини тасдиқлайди.

“JMH Group” эксперт ташкилотининг ҳукумат ишлари бўйича вице-президенти Чарльз Йессаиан мамлакатимиз тарихан қисқа даврда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий институтлар ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида салмоқли ўсишга эришганини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистондаги ижтимоий-­сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, аҳолининг фуқаро сифатидаги фаоллиги, уларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси ошгани ва ёшлар катта интеллектуал салоҳиятга эга эканлиги мамлакатда барқарорликнинг сақланиши ҳамда давлатнинг янада гуллаб-яшнаши ­кафолати ҳисобланади.

Анхел Аял номидаги Ижтимоий фанлар институти (Испания) профессори Антонио Альонсо қайд этганидек, демократия — давом этадиган, ҳар бир давлатда миллий ўзига хосликлар ҳисобга олинган ҳолда ривожланадиган жараён ҳисобланадики, уни четдан тўғридан-тўғри кўчириш имконсиздир. Ўзбекистон аввалбошданоқ бу қонуниятни тўла англаб етди ва ўзининг оқилона тараққиёт моделини танлаб олди.

“Сапиенза” Рим университетининг (Италия) ҳуқуқ бўйича профессори Тито Марчи таъкидлаганидек:

— Ўзбекистон йил сайин жадал ривожланиб бормоқда. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларини бераяпти. Шу жумладан, мамлакатда сайлов соҳасида ҳам кўплаб ижобий қадамлар ташланди, ривожланган сайлов тизими шакллантирилди ва у бугунги кунда амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидаёқ ўзи белгилаб олган “ўзбек модели”нинг ­асосий тамойилларига оғишмай амал қилиб келаётир. Унинг асосидаги босқичма-босқич ривожланиш замонавий шарт-шароитларда универсал эканлигини ­намойиш қилди ҳамда халқаро миқёсда эътирофини топди.

Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шар­қий Европа ҳамда Марказий Осиё институти эксперти Чжан Нин Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги макроиқтисодий барқарорлик сақланишини таъминлайдиган етакчи давлат эканлигини айтди. Хитойлик мутахассиснинг ҳисоблашича, мамлакатимиз эришган муваффақиятларнинг асоси чуқур ўйланган тизимли ўзгартишлар ва иқтисодиётни диверсификациялаш стратегиясининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши билан боғлиқдир.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишини таҳлил этар экан, “Pathfinder Trade and Investment” (Буюк Британия) компанияси раиси Майкл Томас қуйидаги фикрларини баён этди:

— Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун имкониятлар нуқтаи назаридан Ўзбекис­тон ноёб ҳамда истиқболли мамлакат ҳисобланади. Республика қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт сингари соҳаларда улкан салоҳиятга эга. Бюджет, молия-банк ва кредит тизими, иқтисодиётнинг реал жабҳаларини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар ижобий натижаларини бермоқда. Ички ҳамда ташқи бозорда рақобатбардошликни ошириш мақсадида мамлакатда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва уни технологик жиҳатдан янгилаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

AESMA компаниясининг (Франция) “Евроосиё” лойиҳалари бўйича директори ­Матье Булег ҳам Ўзбекистонда соғлом бозор муносабатларининг ҳамда ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик модернизациялашнинг асосларини яратишга йўналтирилган кенг қамровли ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Франциялик ишбилармоннинг фикрича, янги автомобиль ва темир йўлларининг барпо қилиниши, фойдаланилаётган транспорт йўлакларининг қайта қурилиши, юк ҳамда йўловчи ташиш самарадорлигининг оширилгани мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан ўзаро савдо алоқалари кўлами кенгайишига кўмаклашмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон янги чўққиларни забт этган ва жамиятдаги сиёсий бирдамликни асраган ҳолда, ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидан ишонч билан олдинга интилмоқда. Ўзбек халқи бирдамликда ҳамда кўтаринки руҳ билан ўз мамлакатининг янада тараққий топиши ва гуллаб-яшнаши мақсадида танлаб олинган ривожланиш йўлини қўллаб-қувватлаяпти.

Юқорида тилга олинган масалалар юзасидан халқаро ҳамжамият вакилларининг холис баҳолари эса мамлакатимизнинг обрў-эътибори ошиб бораётгани ҳамда унинг муваффақиятлари умумжаҳон миқёсида эътироф этилаётганидан далолат беради. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришиши учун зарур салоҳият ва захирага эга эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.

 

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn