Муаммо бартараф этилди
  • 24 Февраль 2015

Муаммо бартараф этилди

Жанубий Африка Республикасидаги “Harmony Gold Mining” компаниясига қарашли олтин конида юз берган ёнғин оқибатида 487 нафар ишчи 2300 метр чуқурликда қолиб кетган эди.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг барчаси қутқарилди.

Компания вакили Мемори Жонстоннинг айтишича, кончиларни ташқарига олиб чиқишда ортиқча қийинчиликка дуч келинмади. Энг муҳими, ишчилар омон қолди. Энди улар тиббий кўрикдан ўтишади.
Ёнғин кондаги таъмирлаш ишлари вақтида юзага келган. Мутахассислар вазият мураккаблашмасдан аввал уни бартараф этишга муваффақ бўлишган.

Тошқин келтирган талафот
Доминикан Республикасининг шимолий ва марказий ҳудудларида ёққан кучли жала туфайли аҳоли яшаш пунктларининг 40 таси ташқи дунёдан узилиб қолди.
Қарийб 21 минг киши эвакуация қилинди. Ёғингарчилик, айниқса, Мария-Тринидад-Санчес, Дуарте ва Пуэрто-Плата провинцияларида жиддий талафотларга сабаб бўлди. Тошқинлар оқибатида 4190 та тураржойга зарар етди. Мазкур ҳудудларда инфратузилмани қайтадан тиклаш учун махсус техникалар ва гуруҳлар жалб этилган. Хавфсиз жойларга кўчирилган аҳоли вакиллари озиқ-овқат ҳамда эҳтиёж учун зарур бўлган бошқа воситалар билан таъминланган.

Автомобиллар савдосидаги ўсиш
Европада янги автомобиллар савдоси ҳажми бир неча ойдан буён ўсиб бораяпти, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Хусусан, жорий йилнинг январида Европа Иттифоқи мамлакатларида 999 минг 157 дона машина сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,7 фоиз кўпдир. Энг кўп харид қилинган автоуловлар Испания ҳиссасига тўғри келди. Ундан кейинги ўринларни Италия, Франция ва Германия давлатлари эгаллаган.
Ўз навбатида, Европа автоконцернлари орасида “Renault” ҳамда “Volkswagen” маҳсулотларига талаб ортгани айтилмоқда.

Рақибларини ортда қолдирмоқчи
Япониянинг “Sony” компанияси томонидан яратилган “ақлли кўзойнак” (“SmartEyeglass”)лар шу йилнинг март ойидан эътиборан маҳаллий бозордан ташқари, АҚШ ва Европа давлатларида ҳам сотувга чиқарилади.
Унинг нархи 840 АҚШ доллари атрофида. “Android” операцион тизимида ишлашга мослаштирилган мазкур қурилманинг афзаллиги шундаки, ойнаси экран вазифасини ҳам бажаради. Яъни у орқали электрон хабарларни ўқиш, видео ва суратларни томоша қилиш мумкин. Бундан ташқари, ундан компас ҳамда тезликни ўлчовчи восита сифатида ҳам фойдаланса бўлади. “Ақлли кўзойнак” батареясининг қуввати 150 дақиқага етади.

Ғолиблар аниқланди
Америка киноакадемияси томонидан “Оскар” мукофотининг навбатдаги совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда режиссёр Алехандро Гонсалес Иньярритунинг “Бёрдман” кинокартинаси 2014 йил якунлари бўйича “Энг яхши фильм” деб топилди. Шунингдек, ушбу фильм “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши” ҳамда “Энг яхши сценарий” йўналишларида ҳам “Оскар” соврини билан тақдирланди.
Эдди Редмэйн (“Стивен Хокинг олами”) “Энг яхши актёр” сифатида эълон қилинган бўлса, Жулианна Мур (“Ҳали-ҳамон ўша Элис”) “Энг яхши актриса” бўлди.
Тадбирда яна бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn