Янги маҳсулотлар фойдаси
  • 17 Февраль 2015

Янги маҳсулотлар фойдаси

Ўтган йилнинг сўнгги чорагида жаҳон бўйича смартфонлар савдосидан олинган умумий фойда ҳажмининг 93 фоизи “Apple” компанияси (АҚШ) ҳиссасига тўғри келди.

Манбада айтилишича, унинг бундай муваффақиятга эришишида харидорлар ҳукмига ҳавола қилинган янги русумлар — “iPhone 6” ва “iPhone 6 Plus”нинг қисқа фурсатда оммалашгани муҳим аҳамият касб этди. Фойданинг қолган етти фоизи эса “Samsung Electronics” (Жанубий Корея)га тегишли бўлди.
Шунингдек, замонавий мобиль телефонлари ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти мазкур даврда орттирган маблағини харажатларини қоплашга йўналтирган бўлса, айримлари, ҳатто, зарар ҳам кўрди.

«Оскар» ҳайкалчаси йўқолди
Париждаги актёрлар ассоциациясидан кинодраматург, режиссёр ва актёр Чарли Чаплиннинг 1929 йилда қўлга киритган биринчи “Оскар” мукофоти ўғирлаб кетилди.
Йўқолган статуэтканинг қиймати 1 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Жиноятчилар, шунингдек, 90 минг долларга тенг ручкалар тўпламини ҳам ўмаришган. Париж ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур иш юзасидан тергов бошлади.
Чаплин фаолияти давомида уч бор “Оскар” билан тақдирланган. Дастлабки мукофотни у “Цирк” фильмидаги ижроси учун олган бўлса, 1972 йилда кинематография санъати ривожига қўшган ҳиссаси ва 1973 йилда “Чироқлар олови” фильмига ёзган сценарийси учун олтин ҳайкалчани қўлга киритган.

Принтердан калит чиқади
Нью-Йоркда жойлашган “KeyMe” компанияси “3D” принтери ёрдамида йўқолган калитларни тиклашнинг муқобил йўлини жорий қилди.
Бунинг учун аввалбошданоқ асл калитни оқ қоғоз устига қўйиб, унинг ҳар икки тарафини суратга олиб қўйиш лозим. Кейин банк рақами ва тураржой манзилини кўрсатган ҳолда “KeyMe” сервисидан рўйхатдан ўтилади. Хоҳишингизга кўра, калит сурати ўзингизда ёхуд компанияга тегишли маълумотлар базасида сақланади.
Қачондир калит йўқолиб қолгудек бўлса, унинг эгаси “KeyMe” киоскаларида бармоқ изи ёрдамида ўз шахсини тасдиқлатиб, калит дубликатини ясатишга буюртма бериши мумкин.
Ҳозир Нью-Йоркда 20 га яқин ана шундай хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Йил охиригача уларнинг сонини 100 тага етказиш режалаштирилган.

Ажабтовур қурилма
Япониянинг “Hitachi High Technologies” компанияси инсоннинг бахтлилик даражасини аниқлаб берувчи қурилма яратди.
“Japan Times” нашрининг ёзишича, ушбу ажабтовур технология, асосан, меҳнат жамоалари раҳбарлари учун мўлжалланган. Ҳажми кредит картасидек келадиган инновацион қурилма махсус сенсор билан жиҳозланган. У одамларнинг нима билан бандлигини, уларнинг кайфияти қандайлиги ҳақидаги маълумотларни қайд этиб боради, ўзаро суҳбатларни ёзиб олади. Шунингдек, ходимларнинг ишидан қанчалик қониқиш ҳосил қилаётганини ҳам баҳолаб беради. “Hitachi High Technologies” вакилининг сўзларига кўра, мазкур кашфиёт иш унумдорлигини оширишда жуда асқатади.
Ноёб қурилма апрель ойида Японияда сотувга чиқарилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn