Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти «SATTE — 2015» халқаро кўргазмасида намойиш қилинди
  • 07 Февраль 2015

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти «SATTE — 2015» халқаро кўргазмасида намойиш қилинди

Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридаги энг йирик кўргазмалар маркази — “Прагати майдан” мажмуида “SATTE — 2015” халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон ва Ҳиндистонда фаолият юритадиган бир қатор сайёҳлик компаниялари ҳамда меҳмонхоналар томонидан намойиш қилинди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг жуғрофий жойлашуви ва ўзига хос иқлими, бой тарихий ҳамда маданий мероси, ўзбек халқ амалий санъати, миллий пазандачилиги, мамлакатимиз туризм инфратузилмаси имкониятлари, шинам ва замонавий меҳмонхоналар ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатига доир маълумотлар кўргазма қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро анжуманда “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири юртимизга сайёҳларни жалб этиш борасида ҳамкорлик қилиб келаётган ҳинд компаниялари вакиллари билан суҳбатлашди.
— Сўнгги беш йил мобайнида Ҳиндистоннинг сайёҳлик бозорида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг имкониятларини тарғиб қилувчи компания ва туроператорлар сони кескин ортганини яққол кўриш мумкин, — деди “D.Paul‘s Travel & Tours Ltd.” компанияси директори Гурчаран Сингх. — Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳинд сайёҳлари учун энг қизиқарли, қулай, арзон ва ишончли туризм йўналишларидан бири саналади.
“Dook Travels Pvt. Ltd.” компанияси менежери Демеш Шарманинг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасининг жадал суръатлар билан ривожлангани Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиқаётган ҳиндистонликлар сони тобора ортиб бораётганининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
— Мамлакатингиз туризм бозорида миллий ҳамда хорижий компаниялар учун яратилаётган шарт-шароитлар, яъни гид-таржимонлик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кўрсатишнинг сифати йилдан-йилга юксалиб бораётгани алоҳида эътиборга моликдир, — деди у.
Таъкидлаш жоизки, уч кун давом этган “SATTE — 2015” сайёҳлик саноати кўргазмасида дунёнинг 43 та мамлакатидан бир неча юзлаб туризм компаниялари ҳамда меҳмонлар қатнашди. Ушбу халқаро тадбирнинг навбатдаги босқичи жорий йилнинг 18-19 август кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтади.


«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn