Акцияларини сотиб олди
  • 07 Февраль 2015

Акцияларини сотиб олди

АҚШнинг фармацевтика саноатида фаолият олиб борувчи “Pfizer Inc.” компанияси ўз рақобатчиси — “Hospira Inc.” акцияларини қарийб 17 миллиард долларга сотиб олди.Мазкур келишув орқали “Pfizer” инъекция препаратлари ҳамда биотехнология соҳасида бир қатор мураккаб дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш борасидаги имкониятларини оширишга муваффақ бўлади.
Айтиш жоизки, ушбу савдога оид хабарнинг тарқалиши билан “Hospira Inc.”нинг қимматли қоғозлари нархи 35 фоиз кўтарилди ва унинг ҳар бири 87,51 АҚШ долларидан баҳоланди.

Тураржой нархидаги ўзгариш
Январь ойида Буюк Британияда тураржойларнинг нархи сўнгги етти йил ичидаги энг юқори суръатда ўсди.
Бу ҳақда маҳаллий “Halifax” консалтинг компанияси маълум қилди. Уй-жойлар баҳоси, масалан, 2014 йилнинг декабрида 1,1 фоиз кўтарилган эди. Ўтган ойда яна икки фоизлик ўсиш қайд этилди. Агар ушбу кўрсаткич якунланган йилнинг январи билан солиштирилса, кўчмас мулклар нархи ўртача 9,9 фоиз ошгани аён бўлади.
“Bloomberg” ахборот агентлиги эса “Halifax” маълумотлари бошқа экспертлар ҳисоботидан қисман фарқ қилишини ҳам билдирган.

Кимошдида рекорд
“The New York Times” нашрининг ёзишича, рассом Поль Гогеннинг “Тўй қачон?” деб номланган асари кимошди савдосида 300 миллион АҚШ долларига сотилди.
Шу тариқа у рангтасвир санъатида энг қиммат нархга пулланган ижод намунаси сифатида қайд этилди. Расм 1892 йилда чизилган бўлиб, шу пайтгача “Sotheby’s” аукционининг собиқ хизматчиси Рудольф Штехелиннинг шахсий кўргазмасида сақланаётган эди.
Дарвоқе, 2011 йилда Гогеннинг бошқа бир ижод намунаси — “Қартадаги ўйинчилар” 250 миллион
АҚШ долларига сотилганди.

Вулқонлар фаоллашди
Мексикада бир йўла иккита вулқон ҳаракатга келди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Хусусан, мамлакат пойтахтидан жануби-шарқий томонда жойлашган “Попокатепетль” вулқонида олтмишга яқин фаол нуқта аниқланган. Улардан ажралиб чиқаётган кул ва тутун бир километр баландликкача кўтарилган. Шунингдек, Мехико шимоли-ғарбидаги “Колима” вулқони ҳам уйғонган.

Бозордаги ҳодиса
Хитой жанубидаги Гуандун провинциясидаги буюм бозорида ёнғин содир бўлди.
Бахтсиз ҳодиса тўрт қаватли бинода келиб чиққан. Оқибатда 17 киши ҳаётдан кўз юмди. Ёнғинни бартараф қилиш учун 270 нафар ўт ўчирувчи ва 20 та махсус техника жалб этилди. Шунга қарамай иншоот фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолди.
Манбада ёнғин нима сабабдан келиб чиққани ҳақида маълумот йўқ.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn