Фаолиятида ижобий натижа
  • 06 Февраль 2015

Фаолиятида ижобий натижа

Франциянинг “BNP Paribas” банки ўтган йилнинг тўртинчи чорагида 1,3 миллиард евро миқдорида соф фойда олишга эришганини маълум қилди. Бу 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 110 миллион евро кўпдир. Молия муассасасининг жами даромади эса 10,15 миллиард еврони ташкил этди.

Шунингдек, икки йиллик қийинчиликлардан сўнг Испаниянинг “Santander” банки фаолиятида ҳам ижобий натижалар кузатила бошланди. Хусусан, у 2014 йилни 1,46 миллиард евро миқдоридаги соф фойда билан якунлади.
Изоҳланишича, бундай ижобий ҳолат мамлакат иқтисодиёти ва тураржой бозори ўнгланаётгани, қолаверса, кредитлаштириш тизими сезиларли даражада фаоллашгани билан боғлиқ.

Парвозлар қолдирилди
Кучли қор ёғаётгани туфайли Японияда юзга яқин авиарейслар бекор қилинди.
Жумладан, “All Nippon Airways” компанияси ички йўналишларда 46 та, “Japan Airlines” эса 50 та парвозни амалга оширмаган.
Маълумотларга кўра, ёғингарчилик бугун ҳам давом этади. Шу боис айрим ҳудудларда қорнинг қалинлиги 40 сантиметрга етиши мумкинлиги тахмин қилинаяпти.

Электр узатиш тизимидаги носозлик
Финляндиядаги “Олкилуото” атом электростанциясидаги иккита блокдан бири ишламай қолди.
Натижада электр энергияси узатиш тўхтаган. Бундай ҳолат камида бир кеча-кундуз давом этиши мумкинлиги айтилмоқда. Мутахассислар мазкур ҳолатга сабаб нима эканини аниқлашга уринишаяпти. Дастлабки тахминларга қараганда носозлик блокнинг генераторида юзага келган. Аммо бу ҳали якуний хулоса эмас.
АЭСдаги кўнгилсизлик аҳолига ҳеч қандай хавф туғдирмаган. Унинг биринчи блоки барқарор ишлаб турибди.

Музей биноси сотувга қўйилди
Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Мадам Тюссо музейи биноси сотувга қўйилди.
“Financial Times” нашрида қайд этилишича, унга 300 миллион фунт стерлинг миқдорида нарх белгиланган. Айни пайтда мазкур иншоотдан “Merlin Entertainments” компанияси ижара асосида фойдаланмоқда.
Мадам Тюссо музейи Лондоннинг энг кўп томошабин ташриф буюрадиган диққатга сазовор ўнта масканидан бири ҳисобланади. Унда машҳур инсонларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари сақланади.

Номи ўзгариши мумкин
“Барселона” футбол жамоасига қарашли “Камп Ноу” стадиони яқин орада клуб ҳомийларидан бири номи билан юритилиши мумкин.
“Биз ҳозир шу масала бўйича клуб раҳбарияти билан музокара олиб бораяпмиз. Агар келишувга эришолсак, стадион “Камп Ноу Қатар Эйрвэйс” дея аталади”, дейди “Қатар Эйрвэйс” компанияси директори Акбар ал-Бакир.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Камп Ноу” стадиони 1957 йилда фойдаланишга топширилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn