Соф фойда ҳажми ошди
  • 31 Январь 2015

Соф фойда ҳажми ошди

Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида “Google” интернет-корпорацияси 4,76 миллиард АҚШ доллари миқдорида соф фойда олишга эришди. Яъни бу борадаги ўсиш суръати 40,8 фоизни ташкил қилди, дейилади муассаса томонидан тарқатилган матбуот хабарномасида. 2013 йилда соф фойда ҳажми 3,38 миллиард долларга тенг бўлганди.

Мутахассисларнинг изоҳлашича, иқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланишида акциялар, корпорация тизимидаги ҳамда бошқа ҳамкорлар билан яратилган сайтлардан олинган даромад муҳим аҳамият касб этди.

Ғаройиб саёҳат
Австралиянинг “Qantas” авиакомпанияси Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси билан ҳамкорликда янги инновацион лойиҳани амалга оширишга киришди.
Унга кўра, тез орада самолётлар бортида йўловчиларга “Gear VR” деб номланган қурилма тақдим этилади. Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, у орқали виртуал оламга саёҳат қилиш ва 3D ўлчамдаги фильмларни томоша қилиш имконияти мавжуд. Янгиликни жорий этишдан мақсад йўловчиларнинг авиакомпания хизматларига қизиқишини оширишдан иборат.
“Gear VR” қурилмаси ҳозирча “Австралия — АҚШ” йўналишидаги ҳаво лайнерларида жорий этилган.

Илмий изланишларга ундовчи топилма
Астрономлар Марсдан олинган суратларни ўрганиб, ушбу сайёрада музликлар мавжуд, деган хулосага келишди.
“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу борадаги тадқиқот ишлари билан АҚШнинг Браун университети олимлари узоқ йиллардан буён шуғулланиб келишади. Масалан, улар бундан аввал “Қизил сайёра”да иқлим ўзгаришини аниқлашган эди.
Мутахассислар Марсда музлик борлиги ҳақидаги янгилик фанда кўплаб илмий изланишларга туртки беришини билдиришаяпти.

«Маракана»да энди футбол ўйналмайди
Бразилиядаги машҳур “Маракана” стадиони маъмурияти бундан буён бу ерда футбол учрашувлари ўтказишни тақиқлаб қўйди.
“Франс пресс” ахборот агентлигининг хабарига қараганда, 78 минг томошабинга мўлжалланган спорт иншоотида бўладиган ўйинлардан етарлича маблағ тушмаяпти. Ваҳолонки, стадионни яхши ҳолатда сақлаб туриш учун ойига 1,5 миллион АҚШ доллари сарф этилади. Шундан келиб чиқиб, маъмурият харажатларни қоплаш мақсадида футбол учрашувларини эмас, балки номдор гуруҳларнинг концерт дастурларини ташкил этишга қарор қилган.

Ноодатий робот
Хитойлик олим Сю Даоченг ўзи учун от шаклидаги робот ясади.
Олтмишга кирган отахон бу темир “жонивор”ни кўча-кўйда, турли тадбирларда бемалол миниб юради. Айтишича, уни ясаш учун икки ойдан зиёд вақт кетган. “Темир от”нинг бўйи 1,5,  узунлиги 2 метрга тенг бўлиб, оғирлиги 250 килограммни ташкил этади.
Бу олим ноодатий қурилмалар яратиш билан бутун мамлакатга танилган. Аввалроқ у ўзи учун махсус вертолёт ҳам ясаганди.

Автомобиллар қайтариб олинади
Япониянинг “Nissan” автоконцерни жаҳон бўйича сотилган автомобилларидан 770 мингтасини қайтариб олишини маълум қилди.
Булардан 552,1 мингтаси 2008 — 2013 йилларда ишлаб чиқарилган “Rogue” русумидаги машиналар бўлиб, асосий камчилиги эшикларидадир. Яъни у яхши ёпилмайди ва шу боис салонга сув ўтказиб юборади.
Бундан ташқари, 2014 йилда сотилган 215,7 минг дона “Pathfinder” ва “Infiniti” автомобиллари капот қисмида носозликлар мавжудлиги боис ортга қайтарилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn