Иқтисодиётида сезиларли ўсиш
  • 30 Январь 2015

Иқтисодиётида сезиларли ўсиш

Якунланган йилда Буюк Британия иқтисодиётида сезиларли ўсиш кузатилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Мазкур даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2,6 фоиз ошди. Мутахассисларнинг айтишича, бундай юқори кўрсаткич сўнгги етти йил ичида биринчи марта қайд этилди. Иқтисодиётнинг қурилиш, хизматлар кўрсатиш каби етакчи тармоқларида юксак самарадорликка эришилгани ана шундай ижобий натижа таъминланишида муҳим ўрин тутди.


Чорак якунларини эълон қилди
Финляндиянинг “Nokia” компанияси ўтган йилнинг тўртинчи чораги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Манбада келтирилишича, компания ушбу вақтда 356 миллион евро миқдорида соф фойда олишга эришган. Бу 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 12 фоиз кўпдир. Яъни аввалги йилнинг сўнгги чорагида “Nokia” смартфонлар ва телекоммуникация технологиялари савдосидан 317 миллион евро ишлаб олган эди.


Тадқиқот хулосаси
Даниялик олимларнинг фикрича, ҳар куни спиртли ичимликлар истеъмол қилиш инсонда жигар циррози хасталиги келиб чиқиш хавфини оширади.
Шу хусусда ўтказилган тадқиқот жараёнига қарийб 56 минг нафар 50 ёшдан 64 ёшгача бўлган инсонлар жалб этилди. Уларга махсус сўровнома тарқатилиб, ҳозирги кунгача қандай турмуш тарзига амал қилгани ҳақида очиқ-ойдин жавоб ёзишлари сўралди.
Хулосалардан аён бўлишича, юқорида номи келтирилган хасталикка чалиниш эҳтимоли мавжуд кишилар ҳар куни спиртли ичимлик истеъмол қилишни одатга айлантирганини билдирган экан. Мазкур тадқиқот ҳақида “Тhe Journal of Hepatology” нашрида батафсил ҳикоя қилинган. Унда, шунингдек, ҳатто ҳафтада бир ёки икки кун спиртли маҳсулотлардан тийилганларда касаллик келиб чиқиш хавфи анча паст бўлиши ҳам таъкидланган.


Инвестицияни камайтиради
“Royal Dutch Shell” (Нидерландия/Буюк Британия) нефть-газ компанияси яқин уч йил ичида нефть қазиб олишга йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини 15 миллиард АҚШ долларигача камайтиришни режалаштирмоқда.
Мутасаддиларнинг бундай қарорга келишига жаҳон бозорида “қора олтин” нархининг пасайиб кетаётгани сабаб бўлган.

Соғлиқ учун зарарли
АҚШнинг Калифорния штати соғлиқни сақлаш департаменти мутахассислари электрон сигареталарни сотишни қаттиқ назоратга олиш лозим, деган фикрни илгари суришаяпти.
Чунки улар кўпчилик ўйлаганидек зарарсиз эмас. Инсон саломатлиги учун тамаки маҳсулотлари каби зиён етказмаса-да, қисман салбий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Калифорния штатида вояга етмаганларга электрон сигареталар сотиш тақиқлаб қўйилган.


Қай бири баланд овоз чиқаради?
“iClarified” портали “iPhone” смартфонларининг қайси модели энг баланд овоз чиқариш хусусиятига, яъни кучли динамикага эга эканлигини аниқлаш мақсадида синов ўтказди.
Унга кўра, “iPhone 6” телефони 105,4 децибел, “iPhone 6 Plus” эса 105 децибел даража билан биринчи, деб топилди. Иккинчи ўринни “iPhone 3GS” ҳамда “iPhone 5s” смартфонлари эгаллаган бўлса, “iPhone 4”, “4S” ва “5c” мобиль қурилмалари кейинги поғонани банд этди.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёмғирлар мавсуми Соф фойда ҳажми ошди »