Ёмғирлар мавсуми
  • 28 Январь 2015

Ёмғирлар мавсуми

Мозамбикда ўтган йилнинг декабрь ойида сурункали ёмғир туфайли бошланган сув тошқинлари ҳали-ҳануз давом этаяпти.
“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, табиат ҳодисаси оқибатида ҳозирги кунгача 117 киши ҳаётдан кўз юмган, 157 минг нафар одам жабрланган.

Тошқинлардан, айниқса, мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудлари энг кўп талафот кўрган. Қутқарув ишларини жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда. Аммо аксарият йўллар ҳамда кўприклар жиддий зарарлангани боис белгиланган манзилларга етиб бориш қийин кечаяпти.
Айтиш жоизки, Мозамбикда ҳар йилнинг октябрь ойидан бошлаб то мартгача ёмғирлар мавсуми саналади.

Ўтган йилдагидан кам
“Microsoft” корпорацияси 2014 йилнинг тўртинчи чораги бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Унга кўра, компания ушбу даврда 5,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўрган. Бироқ бу аввалги йилдаги кўрсаткичга нисбатан 10 фоиз кам. Таҳлилчилар ушбу ҳолатни ахборот-коммуникация технологиялари бозоридаги кучли рақобат таъсири, дея изоҳлашмоқда.

Ерга улкан астероид яқинлашди
Кеча сайёрамиз яқинидан диаметри ярим километрга тенг бўлган астероид учиб ўтди.
Қизиқ жиҳати, уни кўпчилик оддий дурбин ёрдамида ҳам кузатишга муваффақ бўлди. “Рейтер” ахборот агентлиги хабарига қараганда, астероид билан Ер орасидаги энг яқин масофа 1,2 миллион километрни ташкил этган. Аввалроқ “NASA” агентлиги вакиллари ушбу самовий жисм ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини таъкидлашган эди.
Олимларнинг айтишича, шу пайтгача сайёрамизга бундай катта ҳажмдаги астероид яқинлашмаган. “NASA” имкониятдан унумли фойдаланиб, унинг 3D ўлчамидаги суратларини олган.

Қайнатилган тухум аслига қайтди
АҚШнинг Калифорния университети кимёгарлари сувда қайнатиб пиширилган тухумни аввалги ҳолатига қайтаришга эришишди.
Таъкидланишича, тухум оқсилини эски ҳолатига келтириш бир қанча жараённи талаб этган. Асосийси, тадқиқот самара берганидан мутахассислар мамнун. Ушбу янгилик саратон касаллигига қарши дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришда асқатиши мумкин экан.
Мазкур тадқиқот ҳақида “ChemBioChem” журналида чоп этилган мақолада батафсил ҳикоя қилинган.

Мева фойдалими ёки унинг шарбати?
Яқинда бир гуруҳ олимлар “Апельсин мевасини ейиш фойдалими ёки унинг шарбатини ичиш?” мавзуида тадқиқот ўтказди.
Маълум бўлишича, апельсин каротиноид ва флавоноид моддаларига бой бўлиб, улар саратон ва юрак-қон томир касалликлари келиб чиқишининг олдини олади. Тадқиқотчилар Ральф Швайггерт, Жулиан Эшоффнинг фикрича, бу меванинг шарбатини истеъмол қилганда эса каротиноид ва С витамини даражаси нисбатан пасаяди.

Тоғдаги воқеа
Альп тоғларида олти нафар сайёҳ ҳалокатга учради, дейилади “Франс пресс” ахборот агентлиги хабарида.
Улар қор кўчкиси остида қолган. Қутқарувчилар ҳозиргача уч кишининг жасадини топишга муваффақ бўлган. Қидирув ишлари давом эттирилаяпти.
Қор кўчкилари тадқиқотлари уюшмаси Альп тоғларида ҳар йили турли сабабларга кўра, ўттизга яқин одам нобуд бўлишини билдирди.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn