Нархда номутаносиблик
  • 27 Январь 2015

Нархда номутаносиблик

Жорий йилда бир баррель нефтнинг ўртача нархи қарийб 60 АҚШ долларини ташкил этади. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким Давос шаҳрида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда маълум қилди.

Унинг қайд этишича, дунё бўйича углеводород хом ашёси баҳосининг кескин пасайиб кетганидан кўплаб мамлакатлар, жумладан, Венесуэла, Нигерия ва Колумбия каби давлатлар азият чекмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг кузидан бошлаб, бир баррель “қора олтин”нинг нархи 105 доллардан 45 долларгача тушди.

Плутондан илк суратлар
Бундан тўққиз йил муқаддам “NASA” агентлиги томонидан Плутонни ўрганиш мақсадида учирилган космик кема белгиланган манзилга етиб борди.
Энди Қуёш тизимидаги энг олисда жойлашган, бизга шу пайтгача сирли бўлган митти сайёрани кенг тадқиқ этиш имконияти юзага келди. Агентлик вакилларининг сўзларига кўра, Плутоннинг “Янги горизонт” деб номланувчи фазовий кема ёрдамида олинган дастлабки фотосуратларини шу йилнинг ёз фаслида кўришимиз мумкин.

Энг кучли қор бўрони
АҚШнинг шимоли-шарқий ҳудудларига кучли қор бўрони яқинлашиб келмоқда. Синоптикларнинг маълумотларига қараганда, келгуси икки кун ичида мамлакатнинг айрим жойларида қорнинг қалинлиги бир ярим метргача етади. Ўз навбатида, Нью-Йорк мэри Билл де Блазио бу галги табиат ҳодисаси “мегаполис тарихидаги энг кучлиси” бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Вазият жиддийлиги боис маҳаллий аҳоли вакилларига шахсий автомобилдан вақтинча фойдаланмай туриш ва иложи борича кўчага чиқмаслик тавсия этилган. Совуқ ҳаво оқими Нью-Йорк, Нью-Жерси, Коннектикут, Пенсильвания, Массачусетс ва Мэн штатлари ҳудудига кириб бориши айтилмоқда. “Delta Airlines” авиакомпанияси ҳозирданоқ қарийб 600 та рейсни бекор қилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сув остида шаҳарча Ёмғирлар мавсуми »