Сув остида шаҳарча
  • 24 Январь 2015

Сув остида шаҳарча

Япониянинг “Shimizu” компанияси 2035 йилгача мамлакатда сувости шаҳарчасини бунёд этишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда компаниянинг интернетдаги веб-сайтида маълум қилинган. Ушбу шаҳарча беш минг кишига мўлжалланган бўлиб, 3-4 километр чуқурликда қурилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 26 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.
Шаҳар аҳолисининг асосий вазифаси денгиз тубидаги фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва илмий лабораторияларда фаолият юритиш бўлади. Сув ости ҳудудида тураржой бинолари, дам олиш маскани, ресторанлар, илмий тадқиқот маркази ва бошқа инфратузилма объектлари жойлаштирилади.

Марс кўзойнак орқали ўрганилади
“NASA” агентлиги Марсдаги ҳаётни ўрганиш учун янги техника воситасидан фойдаланади.
Гап шундаки, мутахассислар “Қизил сайёра”даги маълумотларни “Microsoft” компанияси томонидан яратиладиган кўзойнак ёрдамида таҳлил этишади. Бу қурилманинг афзаллиги шундаки, Марсда ҳаракатланаётган “Curiosity” кемаси у орқали бошқарилади.
Айни пайтда икки йирик ташкилот ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича тузиладиган шартнома шартлари ишлаб чиқилмоқда.

Ноёб клавиатура
АҚШнинг Жоржиа техника институти олимлари Калифорния университети ва Хитой фанлар академияси мутахассислари билан биргаликда замонавий клавиатура яратишди.
Мазкур компьютер қурилмаси ўзидан электр манбаи ишлаб чиқариш хусусиятига эга. Унинг ёрдамида ҳар қандай турдаги мобиль телефонларни қувватлантириб олиш мумкин.
Шунингдек, янги клавиатурага ўрнатилган махсус микрочип ҳимоя тизими учун хизмат қилади. Яъни ундан фақат доимий эгаси фойдаланишини таъминлайди.
Клавиатура ўзидаги чангларни ҳам мунтазам равишда тозалаб тура олади.

Сабаби номаълум
Ҳиндистоннинг Биҳар штатидаги бинолардан бирида портлаш содир этилди.
“CNN-IBN Live” нашрининг хабарига кўра, қўпорувчилик ҳаракати номаълум аёл томонидан амалга оширилган. Оқибатда икки киши ҳаётдан кўз юмди, 16 нафар одам турли даражада тан жароҳати олди.
Ҳозирча ушбу хунрезлик сабаби аниқланмади. Жиноятчининг шахси ўрганилмоқда.

Ёғочдан ясалган автомобиль
Хитойнинг Ляонин музофотида яшовчи 48 ёшли дурадгор Лю Фулонг ўз касбининг моҳир устаси саналади.
“Daily Mail” нашрида ёзилишича, у ўзи учун ёғочдан машина ясаб олди. Антиқа автоулов соатига 32 километр тезликда ҳаракатланади. Қулай жиҳати, у электр энергияси ёрдамида юради.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn