Смартфон бозори сарҳисоби
  • 23 Январь 2015

Смартфон бозори сарҳисоби

“TrendForce” тадқиқот компанияси ўтган йил якунлари бўйича смартфонлар бозорига оид хулосаларини эълон қилди.
Унга кўра, 2014 йилда дунё миқёсида 1,167 миллиард дона ана шу туркумдаги телефон ишлаб чиқарилган. Бу аввалги йилдагига нисбатан 25,9 фоиз кўпдир.

Маҳсулот сотиш бўйича Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” корпорацияси 28 фоиз улуш билан етакчилик қилган бўлса-да, унинг бу галги натижаси нисбатан пасайган. Чунки 2013 йилда корпорация 32,5 фоизлик кўрсаткичга эришган эди.
“Samsung Electronics”дан кейинги ўринларни АҚШнинг “Apple”, Хитойнинг “Lenovo” ва “Huawei”, Жанубий Кореянинг “LG” компаниялари банд этди.

Музейга қайтарилади
Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат ҳудудидан катта миқдордаги осориатиқаларни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетган жиноятчиларни ушлади.
Қиймати 45 миллион еврога тенг бўлган 5461 дона қадимий буюм Швейцария полицияси билан ҳамкорликда ушбу давлатда ўтказилган махсус операция чоғида қўлга киритилган. Улар санъат асарлари савдоси билан шуғулланувчи италиялик фуқаро Жанфранко Бечина томонидан ўғирлаб кетилган эди.
Мазкур осориатиқалар эрамиздан аввалги VIII ва III асрларга тегишли бўлиб, улар Италия музейига қайтарилади.

Шароит шуни тақозо қилди
АҚШнинг “eBay” интернет-дўкони мавжуд иш ўринлари сонини 2,4 мингтага қисқартирмоқчи, дейилади “AFP” ахборот агентлиги хабарида.
Бу жами ходимларнинг 7 фоизини ташкил этади. Мазкур ҳолат “eBay”га тегишли бўлим — “PayPal”нинг интернет-дўкон таркибидан ажралиб чиқиши билан боғлиқ. Чунки ўтган йили шундай қарор қабул қилинган эди.

Қуёшдан қувват оладиган самолёт
Европалик мутахассислар томонидан яратилган, қуёш энергияси ёрдамида ҳаракатланувчи “Solar Impulse 2” самолёти яқин кунларда дунё бўйлаб парвозини бошлайди.
У Бирлашган Араб Амирликларидан ҳавога кўтарилиб, Ҳиндистон, Хитой, Тинч океани, АҚШ ва Европа устидан учиб ўтиб, яна Абу Даби шаҳрига қўнади.
Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ёқилғисиз ҳам узоқ масофага парвоз қилиш мумкинлигини исботлашдир. “Solar Impulse 2” қанотларида кўплаб фотоэлектрик панеллар ўрнатилган бўлиб, улар лайнер учун керакли миқдордаги энергияни тўплаб беради.
Мутахассислар мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун 12 йил давомида изланишлар олиб боришган.

Энг даромадли футбол клублари
“Deloitte” консалтинг компанияси ҳар йилги анъанасига мувофиқ, жаҳоннинг энг даромадли футбол клублари рўйхатини эълон қилди.
Унда Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси қаторасига ўнинчи бор биринчи ўринни эгаллади. “Қироллик клуби” ўтган мавсумда чипталар ҳамда жамоа тимсоллари туширилган маҳсулотлар савдоси, телетрансляциялар ва рекламалар орқали 550 миллион евро миқдорида маблағ ишлаб топган.
Рейтингда ундан кейинги ўринларни “Манчестер Юнайтед” (Англия), “Бавария” (Германия), “Барселона” (Испания) ва “ПСЖ” (Франция) жамоалари банд этган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Жамғарма тахмини Сув остида шаҳарча »