Жамғарма тахмини
  • 22 Январь 2015

Жамғарма тахмини

Халқаро валюта жамғармаси келгуси икки йилда жаҳон иқтисодиётида кутилаётган ўсиш суръатларига оид прогнозларини пасайтирди. Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди.

Жамғарма ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилган маърузасида дунё иқтисодиёти 2015 йилда 3,8 фоиз ўсиши мумкинлигини билдирган эди. Энди бу рақам 3,5 фоизни ташкил этиши айтилмоқда. 2016 йилда эса 3,7 фоиз атрофида ўсиш кузатилиши башорат қилинаяпти.

Ипотека кредитига талаб ортган
Европа марказий банки маълумотларига қараганда, евроҳудудда ипотека кредитига талаб тобора ортиб бораяпти.
Изоҳланишича, бунга тураржойлар нархининг тушаётгани ва ўз навбатида, молия муассасалари томонидан қулай шартларда кредитлар таклиф этилаётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис аҳоли бундай қулай имкониятни қўлдан чиқармасликка интилаётир.
Айрим иқтисодчилар талабнинг кескин ошиши кўчмас мулк бозорида инқирозни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирланишмоқда.

Яна етакчи бўлди
Япониянинг “Toyota Motor Corp.” корпорацияси ўтган йили дунё бўйича энг кўп автомобиль сотиб, бу борадаги етакчилик мавқеини сақлаб қолди.
Жумладан, ушбу даврда харидорларга 10,23 миллион дона машина етказиб берилган. Бу 2013 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 3 фоиз кўп. Қолаверса, бундай натижа “Toyota” тарихида илк бор қайд этилди.
“Toyota Motor Corp.” жаҳон бозорида маҳсулот сотиш бўйича сўнгги уч йилдан бери биринчиликни эгаллаб келмоқда. Унинг мутасаддилари жорий йилда савдо ҳажмини яна бир фоиз оширишни режалаштиришган.

Футболни ривожлантириш учун маблағ
ФИФА Бразилияга футболни ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратмоқчи.
Ташкилот бош котиби Жером Вальке бу ҳақда Сан-Паулуда ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтган. ФИФА ушбу сармояни ўтган йилги жаҳон чемпионатидан олинган даромад ҳисобидан беради.
Бразилия футбол конфедерацияси мазкур маблағни биринчи ва иккинчи лига жамоаларини қўллаб-қувватлаш, аёллар футболини ривожлантириш ҳамда стадионларни реконструкция қилишга сарфламоқчи.

Энг содда пароллар
“SplashData” компанияси ўтган йил якунлари бўйича интернет-аккаунтлардаги энг ишончсиз пароллар рейтингини тузиб чиқди.
Унда яна бирдан олтигача бўлган сонлар йиғиндисидан ташкил топган пароллар энг содда, деб топилди. Иккинчи ўринда “password” (пароль сўзининг инглизчаси) сўзи жой олди. Учликни кетма-кет бирдан саккизгача бўлган сонлардан иборат пароль якунлади.
Мутахассислар уларни топиш осонлигини билдириб, шахсий ахборотлар жойлаштириладиган аккаунтларга қийинроқ пароллар қўйишни тавсия этишган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn