Нефть нархи ўзгарди
  • 21 Январь 2015

Нефть нархи ўзгарди

Жаҳон бозорларида нефть нархи кўтарила бошлади. Хорижий ахборот агентликлари тарқатаётган маълумотларга қараганда, Лондондаги “ICE” биржасида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели қиймати 5 фоиз ошиб, 49,8 АҚШ долларидан баҳоланган.

Нью-Йорк биржасида эса “WTI” маркали нефтнинг шунча миқдордагиси 48,33 АҚШ долларидан сотилган. Бу аввалги савдолардаги нархга нисбатан 2,23 доллар кўпдир.

Ҳайдовчисиз автомобиллар
“NASA” агентлиги ва Япониянинг “Nissan” компанияси ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишиб олди.
Беш йилга мўлжалланган шартномага мувофиқ, томонлар биргаликда ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллар ишлаб чиқаради. Мутахассислар бундай транспорт воситалари яқин келажакда оммалашишига умид билдиришаяпти.

Асл нусха қиймати
Ўтган асрнинг таниқли хонандаларидан бири Элвис Пресли томонидан куйланган биринчи қўшиқнинг асл магнит лентаси кимошди савдосида 300 минг АҚШ долларига сотилди.
“Менинг бахтим” (“My Happiness”) деб номланувчи мазкур тарона 1953 йилда ёзилган.
Тез орада ушбу хонанданинг шахсий самолёти ҳам кимошди савдосига чиқарилади. Унинг дастлабки баҳоси 10 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаслиги тахмин қилинаяпти.

Суратларга бой китоб
Сеҳргар бола Гарри Поттер ҳақидаги эртак китобнинг биринчи қисми янгича шакл ва кўринишда қайтадан нашр этилади.
“Гарри Поттер ва фалсафа тоши” деб номланувчи ушбу асар Буюк Британиянинг “Bloomcbury” ва АҚШнинг “Scholastic” нашриёт уйларида босмадан чиқарилади. Унинг янгилиги шундаки, асар суратларга бой бўлади.
Китоб 2015 йилнинг октябрь ойидан сотувга қўйилади.

Ёлғон ахборот ташвиши
АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган Жон Кеннеди номидаги аэропортда парвозга чоғланаётган иккита самолёт йўловчилари фавқулодда ҳолат туфайли зудлик билан эвакуация қилинди.
“NBC” телеканали хабарига кўра, бунга номаълум шахснинг аэропорт ходимларига қўнғироқ қилиб, “Дельта” авиакомпаниясига қарашли ана шу ҳаво лайнерларига портловчи қурилма ўрнатилгани ҳақида хабар бергани сабаб бўлган. Шундан сўнг “Боинг-757” ва “Боинг-777” русумли самолётлардаги қарийб тўрт юз нафар йўловчи хавфсиз жойга олиб ўтилган. Полиция улардан барча юкларини қолдиришларини сўраган. Ўтказилган текширув натижасида ҳеч қандай портловчи қурилма топилмади. Айни пайтда ёлғон ахборот етказган шахс қидирилмоқда.
Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn