Қорли йўлдаги ҳодисалар
  • 09 Январь 2015

Қорли йўлдаги ҳодисалар

АҚШда кузатилаётган кучли қор бўронлари туфайли йўл транспорти ҳодисалари сони сезиларли даражада ортди. “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, Пенсильвания штатидан ўтувчи 80-трассанинг Клэрион шаҳарчаси яқинида 18 та автомобиль бир-бири билан тўқнашиб кетган. Оқибатда уч киши ҳаётдан кўз юмган, 20 нафар одам эса турли даражада тан жароҳати олган. Улардан уч нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Ноқулай об-ҳаво шароити боис Нью-Гэмпшир штатида ҳам 35 та автоулов иштирокида худди шундай воқеа рўй берган.

Катта миқдордаги инвестиция
Хитой Халқ Республикаси келгуси ўн йил ичида Лотин Америкаси давлатларига 250 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади.
Бу ҳақда “Рейтер” ахборот агентлиги ХХР Раисининг “Хитой — Лотин Америкаси ва Кариб давлатлари жамияти форуми”даги  маърузасига таяниб, хабар тарқатди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда Хитой ва Лотин Америкаси давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми яқин келажакда 500 миллиард долларга етиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Айни пайтда эса ўзаро ҳамкорлик энергетика, қурилиш ва инновациялар соҳасида жадал ривожланиб бораяпти.

Товон пули миқдори белгиланди
Индонезиянинг “AirAsia” авиакомпаниясига қарашли “Airbus А320” самолёти ҳалокати натижасида қурбон бўлганлар оиласига 100 минг АҚШ долларидан товон пули тўланади.
Авиакомпания бош директори Суну Видьятмоконинг таъкидлашича, бу миқдор мамлакат қонунчилиги талабларига тўла мос келади. Ҳозирги вақтгача айрим йўловчиларнинг яқин қариндошларига дастлабки товон пули сифатида 24 минг доллардан бериб бўлинган.
Эслатиб ўтамиз, бортида 162 нафар йўловчи билан Сингапурга парвозни амалга ошираётган “Airbus А320” ҳаво лайнери 2014 йилнинг 28 декабрь куни ҳалокатга учраган эди. Воқеа сабаби ҳанузгача аниқлангани йўқ.


Турли хасталикларга даво
Олимлар инсонни турли касалликлардан даволаш йўлини аниқладилар.
Маълум бўлишича, одам танасида “GRP78” номли бош оқсил мавжуд. Агар унга тўғри муолажа қилинса, шу орқали организмдаги бошқа оқсиллар фаолияти ҳам яхшиланади. Натижада хасталик ўз-ўзидан чекинади. Тадқиқот муваффақиятли чиққан тақдирда эса, онкологик касалликлар, ОИТС ҳамда Эбола вирусини бутунлай бартараф этиш имконияти юзага келаркан.
Мутахассислар бундай даво усули катта маблағ талаб қилмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишди.


Хакерлар ҳужумига қарши дастур
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари интернет орқали хакерлар томонидан амалга ошириладиган ҳужумларни бартараф этувчи дастур яратишди.
Ушбу янгилик “Nature Communications” журналида чоп этилди. Дастурни ишлаб чиқишда квант физикаси асос қилиб олинган. Янги ишланма ҳар қандай ахборотнинг хавфсизлигини таъминлашга қодир.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn