Нефть нархидаги энг паст кўрсаткич
  • 06 Январь 2015

Нефть нархидаги энг паст кўрсаткич

 

 

 

Жаҳон хом ашё биржаларида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида нефть нархи сезиларли даражада пасайди.
Хусусан, Лондондаги “ICE” биржасида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели 55,26, Нью-Йорк хом ашё биржасида эса “WTI” маркали нефтнинг шунча миқдордагиси 51,92 АҚШ долларига баҳоланди. Манбада айтилишича, ушбу маҳсулот қийматига оид бундай паст кўрсаткич 2009 йилнинг май ойидан буён биринчи марта қайд этилди. 2014 йилда углеводород хом ашёси нархи аввалги йилдагига нисбатан 48 фоиз арзонлашди.

Ғолиблар эълон қилинди
АҚШ кинотанқидчилар миллий уюшмаси йил сарҳисобини эълон қилди.
Унга кўра, режиссёр Жан-Люк Годарнинг “Хайр, нутқ” номли киноасари “2014 йилнинг энг яхши фильми” деб топилди. Майк Лининг “Уильям Тернер” номли биографик фильмида бош ролни ижро этган Тимоти Сполл якунланган йилнинг “Энг яхши актёри”, Жан-Пьер ва Люк Дарденнинг “Икки кундуз, бир кеча” киноасарида асосий қаҳрамон образини яратган Марион Котийяр “Энг яхши актриса” сифатида эътироф этилди.
“Энг яхши режиссёр” номига “Ўсмирлик” фильмини суратга олган Ричард Линклейтер, “Энг яхши сценарий муаллифи” мукофотига Уэс Андерсон (“Отель Гранд Будапешт”) лойиқ кўрилди. Лора Пойтраснинг “Тўрт рақами остидаги фуқаро” фильми “Энг яхши ҳужжатли кинокартина” йўналишида ғолиб чиқди.

Тадқиқотчилар хулосаси
Бир гуруҳ халқаро олимлар саратон хасталигининг аксарият турлари инсонларда ҳужайраларнинг тасодифий бўлиниши туфайли юзага келишини аниқлашди.
Шу боис улар ушбу хасталикнинг пайдо бўлиши фақат генетика, атроф-муҳит ёки ҳаёт тарзига боғлиқ эмас, деган фикрни илгари суришаяпти. Тадқиқот давомида саратоннинг 31 тури бўйича кузатишлар олиб борилди. Якунда уларнинг учдан икки қисмида ташқи ёки генетик таъсирлар йўқлиги маълум бўлди.
Ўз навбатида, мутахассислар ҳаёт сифати ва экологиянинг яхшиланиши ўпка саратони ҳамда терида ҳосил бўладиган турли ўсимталарнинг олдини олиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишган.


Кимошдида мовий тунец
Токио шаҳридаги машҳур Цукидзи балиқ бозорида ўтказилган йилнинг илк кимошди савдосида мовий тунец балиғи 4,51 миллион иена (37,5 минг АҚШ доллари)га сотилди.
Тинч океанидан тутилган ушбу жониворнинг оғирлиги 180 килограммга тенг бўлиб, у “Sushi-Zanmai” ресторанлар тармоғи томонидан харид қилинган.
Айтиб ўтиш жоиз, бу мовий тунец нархи бўйича рекорд кўрсаткич эмас. Чунки ўтган йили оғирлиги 222 килограмм тош босадиган худди шундай балиқ қарийб 1,8 миллион АҚШ долларига сотилган эди. Эътиборлиси, ўшанда ҳам “Sushi-Zanmai” энг катта таклиф билан кимошдида бошқалардан устунлик қилган.


Бино қулаб тушди
Кения пойтахти Найроби шаҳрида олти қаватли тураржой биноси қулаб тушди.
Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, 22 нафар одам тан жароҳати олди. Воқеа юзасидан Том Одонго округи маъмурияти суриштирув олиб бораяпти. Ушбу мамлакатда худди шунга ўхшаш фожиа ўтган йилнинг 18 декабрь куни ҳам содир бўлган эди.
Маълум қилинишича, бундай кўнгилсизликларга биноларни бунёд этиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига етарлича эътибор қаратилмагани ҳамда сифатсиз қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилгани сабаб бўлмоқда. Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn