Смартфон ишлаб чиқаради
  • 30 Декабрь 2014

Смартфон ишлаб чиқаради

Жаҳон фотосаноатида нуфузли саналган “Kodak” компанияси смартфон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

Бу борадаги лойиҳани амалга ошириш юзасидан у “Bullitt Group” компанияси билан келишувга эришди. Дастлабки маҳсулот 2015 йилнинг январь ойида харидорлар эътиборига ҳавола қилинади.
“Kodak” мутахассисларининг айтишича, улар тайёрлайдиган смартфонларда суратларни принтердан чиқариш ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш жараёни бошқа компаниялар мобиль телефонларига нисбатан анча қулай бўлади.

Кучли қор бўронлари
Франциянинг шимоли-шарқий ҳудудларида кучли қор бўронлари кузатилмоқда.
Оқибатда йўлларда минглаб километрга чўзилган тирбандликлар юзага келди. Ҳайдовчилар чорасизликдан ўз машиналарини ташлаб кетишга мажбур бўлишаяпти. Уларга мактаблар, спорт мажмуалари ва бошқа жамоат ташкилотлари биноларидан вақтинча тунаш учун жой ажратилган.
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли мамлакатнинг 19 та департаментида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Юқори тезликдаги интернет
Миннеаполис шаҳри (АҚШ)нинг айрим ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари сониясига 10 гигабит тезликда ишлайдиган интернет хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Бундай қулайликни “US Internet” оператори яратиб берди. Глобал тармоқнинг ойлик абонент тўлови тўрт юз АҚШ долларини ташкил этади. Бунгача Миннеаполисда интернетнинг ўртача тезлиги сониясига 25 мегабитни ташкил этарди.

Энг кўп кўчириб олинган
“Variety” нашри жорий йилда интернетдан ноқонуний тарзда энг кўп кўчириб олинган фильмлар рўйхатини эълон қилди.
Унда машҳур режиссёр Мартин Скорсезе томонидан ишланган “Уолл-Стрит бўриси” кинокартинаси биринчи поғонани банд этди. У 30 миллиондан ортиқ фойдаланувчи томонидан юклаб олинган.
Шунингдек, ушбу рўйхатдан “Совуқ юрак”, “Робокоп”, “Гравитация” ва “Хоббит: Смауг харобалари” каби кинофильмлар ҳам ўрин олган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ривожланиш учун маблағ Дастлабки ўсиш »