Океанортида қалин қор ёғди
  • 22 Ноябрь 2014

Океанортида қалин қор ёғди

Сешанба кунидан бери АҚШнинг шарқий ҳудудларида ноқулай об-ҳаво шароити ҳукм сурмоқда.

“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, шу қисқа вақт ичида бу ерда йиллик меъёрга тенг қор ёққан. Хусусан, аксарият жойларда унинг қалинлиги қарийб 2 метрга етган. Кўпчилик бир неча кундан бери уйидан ташқарига чиқа олмаяпти. Айримлар йўлда, автомобилида қолиб кетган. Қурбонлар бор. Вазият жиддийлиги сабаб Нью-Йорк штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Кўчаларни тозалашга юзлаб техникалар, минглаб одамлар жалб этилган.
Синоптикларнинг айтишича, якшанба куни ҳудудда ҳаво ҳарорати бирданига кўтарилади. Шу боис сув тошқинлари келиб чиқиш эҳтимоли мавжуд.

Иш ўринларини қисқартиради
Фаолиятини қайтадан ташкил этиш чораларини кўраётган “PSA Peugeot Citroen” (Франция) автомобилсозлик компанияси ушбу тадбир доирасида йил охиригача иш ўринларини 17 фоиз қисқартиришни режалаштирган.
Бу 11,2 минг нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади, деганидир. 2015 йилда эса қўшимча равишда яна 2,45 минг нафар киши ишдан бўшатилади. 
Олдинроқ мазкур компания сўнгги уч йил ичида илк бор, жорий йилнинг биринчи ярмида яна даромад олгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Платформада кўнгилсиз воқеа
Мексика кўрфазидаги “Fieldwood Energy” компаниясига қарашли нефть-газ платформасида юз берган портлаш оқибатида бир киши ҳаётдан кўз юмди.
Уч нафар одам жароҳатланди.
Фалокат юз берган вақтда платформа ишламаётган эди. Шу боис жиддий талафот кузатилмаган. Нефть сизиб чиқиш ҳолати ҳақида ҳам хабарлар йўқ. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.
Ушбу кўрфазда 2010 йилнинг апрель ойида “ВР” (Буюк Британия) компанияси ижарага олган “Deepwater Horizon” нефть платформасида содир бўлган портлаш ҳудуд тарихидаги энг жиддий экологик ҳалокатни келтириб чиқарган эди.

Стадион номи ўзгаради
Мадриднинг “Реал” футбол жамоасига тегишли “Сантьяго Бернабеу” стадиони яқин орада клубнинг янги ҳомийларидан бири номи билан юритилади.
Бу ҳақда жамоа президенти Флорентино Перес маълум қилди. “Биз стадионни “IPIC Бернабеу” ёки “CEPSA Бернабеу” деб аташимиз мумкин”, дейди Перес.
Ушбу келишув натижасида футбол клуби 400 — 500 миллион евро миқдорида маблағга эга бўлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn