Орол денгизи муаммоси Хитой матбуоти нигоҳида
  • 19 Ноябрь 2014

Орол денгизи муаммоси Хитой матбуоти нигоҳида

Хитой Халқ Республикасининг марказий нашрларида яқинда Урганч шаҳрида Орол денгизи ҳавзасида минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг якунларига доир қатор мақолалар эълон қилинди.

Ана шундай мақолаларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференцияси иштирокчиларига табрик йўллагани ўқувчиларга маълум қилинар экан, унинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, мақолада мазкур форумнинг Марказий Осиё минтақаси учун энг мураккаб муаммолардан бири — Орол денгизининг экологик ҳалокати ва ушбу офат оқибатида юзага келган аҳоли генофонди ҳамда саломатлиги, турмуш шароити ва даражаси, Оролбўйининг ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ ўткир муаммоларни кўриб чиқишга бағишлангани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, мақолада қайд этилганидек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 2013 йилдан буён БМТ, Европа Иттифоқи, етакчи халқаро ташкилотлар ва молия институтлари кўмагида Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича уч юздан зиёд лойиҳалардан иборат учинчи дастурни амалга оширмоқда ва бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 8,5 миллиард доллардан зиёд маблағни жалб қилиши зарур.
“БМТ Бош котиби халқаро донорларни Оролни қутқаришга даъват этди” сарлавҳали яна бир мақолада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун халқаро донорларни Орол денгизи экологик офатини бартараф этишда янада фаол қатнашишга чақиргани маълум қилинади. “Бугун Орол денгизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш ёқасида турибди.  Бу йўқотиш Ўзбекистон ва унинг ташқарисида истиқомат қилувчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатади, дейилади Пан Ги Мун мурожаатида. БМТнинг кўплаб муассасалари  минтақа аҳолисининг турмуш кечириш шароитларини яхшилашда кўмак кўрсатиш юзасидан барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиб, экологик инқироз оқибатларини бартараф қилишга ёрдам бермоқда”. 
“ШҲТ Орол денгизи муаммоси ҳал этилишида ҳамкорликка тайёрдир” сарлавҳали мақолада эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Орол денгизи экологик муаммосининг ечимини муҳокама қилишга тайёр эканлиги қайд этилади. Мақолада ШҲТ бош котиби ўринбосари Нурлан Аккошаровнинг ушбу мавзу бўйича берган баёноти ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Жумладан, бош котиб ўринбосарининг “Биз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси билан ҳамкорликка тайёрмиз ва у билан меморандум имзоланиши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Чунки Орол биргина Ўзбекистоннинг муаммоси эмас, ШҲТ таркибига кирувчи Марказий Осиёдаги тўрт мамлакат учун Орол денгизи инқирози умумий фожиа ҳисобланади. Бу муаммони барча саъй-ҳаракатлар ва мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, биргаликда ҳал этиш лозим”, деган фикрлари қаламга олинган.


«Жаҳон» АА.
Пекин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn