Ноширларимиз фаолияти эътироф этилди
Версия для печати
  • 19 Ноябрь 2014

Ноширларимиз фаолияти эътироф этилди

Яқинда Европанинг етакчи бизнес марказларидан бири Франкфурт шаҳрида йирик халқаро анжуман — 66-китоб ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан етти мингдан зиёд нашриёт-матбаа компаниялари ўзларининг энг сара маҳсулотлари, матбаачилик соҳасидаги тажрибалари, эришган ютуқ ва муваффақиятларини намойиш этди.

Эътиборлиси, ушбу нуфузли халқаро китоб форумида юртимизнинг “Ўзбекистон”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт уйи, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, “Маънавият”, “Ўқитувчи”, “Чўлпон” ва “Янги аср авлоди” каби нашриётлари вакиллари ҳам қатнашди. “Маънавият” нашриёти директори Суннатилла АҲМЕДОВ мазкур йирик китоб ярмаркаси ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Франкфурт китоб ярмаркаси шаҳардаги “Bucher Messe” кўргазма залида ташкил этилди, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу галги нуфузли китоб анжуманида республикамиз нашриётлари ўзларининг тўрт юздан зиёд босма маҳсулотлари билан қатнашди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, турли-туман китобларга бой бўлган Ўзбекистон павильони Германия ва дунёнинг турли бурчакларидан келган китобсеварлар билан гавжум бўлди.
Тадбирда ҳозир бўлганлар мамлакатимиз ноширлари фаолияти, хорижлик шериклар билан ҳамкорлик ўрнатиш учун мавжуд бўлган имкониятлар ҳамда Ўзбекистоннинг миллий матбаачилик саноатини юксалтириш истиқболлари тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлдилар.
Тақдимотда сўз олган Германия нашриётлари ва китоб ёзувчилари ассоциацияси президенти Генрих Ритмюллер, ярмаркага ташриф буюрган Инчеон шаҳри мэри Сонг-Йонг-Гил, беларуслик ношир Александр Лукевич, Геттенберг музейи ходими Хайнс Новак ва бошқалар сўнгги йилларда Ўзбекистонда бошқа соҳаларда бўлгани каби, матбаачиликда ҳам жадал ўсиш суръати кузатилаётганини, ўзбек ноширларининг самарали меҳнати маҳсули ўлароқ, халқаро андозаларга мос равишда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар бунинг ёрқин намунаси эканини эътироф этишди.
Хусусан, “Звезда” нашриёт уйи директори Александр Лукевич Ўзбекистон матбаачилик соҳаси билан яхши таниш эканини қайд этди. “Ўзбекистон делегациясининг ушбу китоб ярмаркасидаги иштироки мамлакатингизнинг халқаро бозорлар билан алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатиб турибди. Яқинда бизнинг нашриёт ҳам “Беларусь — Ўзбекистон” деган китобни нашр қилди. Ундан кўплаб ўзбек адибларининг бетакрор асарлари ўрин олган. Биз ўзбекистонлик ёзувчи ва шоирлар, драматурглар, болалар адиблари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришни истаймиз,” деди беларуслик ношир.
— Ярмарка доирасида ўтказилган ўзбек китоблари тақдимоти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
— Юқорида таъкидлаганимиздек, бизнинг павильон Германия, Польша, Хитой, Жанубий Корея, Чехия, Беларусь ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келган расмий вакиллар ҳамда ноширларнинг эътиборини ўзига тортди. Франкфурт халқаро ярмаркаси доирасида ўтказилган ўзбек китоблари тақдимоти мамлакатимиз ноширларининг ҳақиқий байрамига айланди, дейиш мумкин. Жумладан, ўзбек, инглиз, рус тилларида нашр этилган “Шарқнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари” (“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи), “Ўзбекистон миллий бош кийимлари” (“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси), “Ўзбекистон табиати” (“Маънавият” нашриёти), “Ўзбекистон миллий портрет санъати” (ўафур ўулом номидаги нашриёт уйи), “Ўзбек таомлари” (“Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи) каби альбом-китоблар байрам қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, Ўзбекистон павильонида ўрнатилган катта экранли мониторда юртимизда эришилаётган иқтисодий ютуқлар, жумладан, ўзбек ноширлари ва матбаачилари фаолияти акс этган видеотасмалар ҳафта давомида намойиш этиб турилди. Қисқаси, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган  улкан бунёдкорлик ишлари павильонимизга ташриф буюрган кўп сонли меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
— Тадбир доирасида икки мамлакат ўртасидаги матбаачилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича қандай учрашувлар ўтказилди?
— Биз, ўзбекистонлик ноширлар хорижлик ва немис ҳамкасбларимиз билан кўплаб учрашувлар ўтказдик. Жумладан, Германияда матбаа технологияларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи саналган “Гейделберг”, “Манроланд” каби компанияларга ташриф буюрдик. Ўз навбатида, мазкур ташкилотлар билан нашриёт-полиграфия соҳасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун соҳага замонавий технологияларни жалб этишга оид қатор масалаларни атрофлича муҳокама қилдик. Шунингдек, улар билан ўзаро манфаатли битимлар тузиш ҳақида ҳам келишиб олдик.
Мухтасар айтганда, китоб ярмаркаси Ўзбекистон матбаачилик саноати тараққиётининг истиқболларини тарғиб этиш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ва турфа маданиятлар билан яқинроқ танишиш имконини берди.


«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn