Тахмин қилинганидан кўп
  • 18 Ноябрь 2014

Тахмин қилинганидан кўп

Жорий молиявий йилнинг ўтган тўққиз ойида жаҳонга машҳур “Airbus” авиасозлик компаниясининг даромади 14 фоиз ошди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Бу кўрсаткич аввалроқ таҳлилчилар тахмин қилганидан анча кўп. Чунки экспертлар мазкур даврда “Airbus” даромади 1,7 фоиз ўсишини билдиришган эди.
Компания сўнгги пайтларда маҳсулот етказиб бериш борасида бир нечта йирик шартнома имзолагани туфайли ана шундай ижобий натижага эришди.

Тикланиш жараёни
Июль — сентябрь ойларида евроҳудудда ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,2 фоиз ўсди.
Бу ягона валюта бирлигига аъзо давлатлар иқтисодиётида кетма-кет иккинчи чоракда ижобий кўрсаткич қайд этилишидир. Хусусан, бундан аввалги уч ойда ЯИМ ҳажми 0,1 фоиз ошганди.
Мазкур натижалар эълон қилиниши билан таҳлилчилар евроҳудуд иқтисодиёти аста-секинлик билан бўлса-да, тикланиш жараёнига ўтди, деган фикрларни илгари суришмоқда.

Тунги фожиа
Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги сабзини қайта ишлаш корхонасида ёнғин рўй берди.
Оқибатда 18 киши ҳаётдан кўз юмди, 13 нафар одам тан жароҳати олди. Тўрт кишининг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда. Бахтсиз ҳодиса душанба куни тунда Шоугуан шаҳрида содир бўлган. Ўша пайтда ишлаб чиқариш муассасасида 140 нафар ходим бор эди.
Ёнғин сабаби ўрганилаяпти.

Олти йилда биринчи марта
Англиянинг Йоркшир графлигидаги ўрдак фермасида парранда гриппи аниқланди.
Мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, бу инсон ҳаёти учун хавфли саналган “H5N1” вируси эмас. Шу боис унинг одамга юқиш эҳтимоли жуда кам.
Парранда гриппи билан боғлиқ ҳолат Буюк Британияда сўнгги олти йил ичида биринчи марта кузатилди. Ноябрь ойи бошида эса Германияда унинг “H5N8” тури аниқланган эди.

Энг қиммат соат
Женевада ўтказилган “Sotheby`s” аукционида чўнтак соати 21,3 миллион АҚШ долларига сотилди.
Олтиндан ясалган ушбу қимматбаҳо буюмнинг оғирлиги 500 граммга тенг. Соат 1930 йилда АҚШлик банкир Генри Грэйвс буюртмасига биноан, Швейцариянинг “Patek Philippe” компанияси томонидан тайёрланган. Бунинг учун етти йил сарфланган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn