Кучли ёғингарчилик
  • 13 Ноябрь 2014

Кучли ёғингарчилик

Италия шимолидаги Лигурия, Пьемонт, Тоскана, Кьявари шаҳарларида тинимсиз ёққан ёмғир сув тошқинларини келтириб чиқарди.

“Евроньюс” телеканали хабарига қараганда, Лигурида ўн икки соат ичида ёғингарчилик миқдори 200 миллиметрга етганлиги боис кўчкилар содир бўлган. Кьявари шаҳрида эса қарийб 30 минг нафар аҳоли вакили ичимлик суви таъминотидан узилиб қолди.
Тошқин талафотларини бартараф этишга дастлаб қутқарувчилар ва ўт ўчириш хизмати ходимлари жалб қилинган эди. Энди уларга ҳарбийлар ҳам кўмаклашаяпти.
Мамлакатда кучли ёғингарчилик давом этмоқда. Шу боис маҳаллий аҳоли эҳтиёткор бўлишга чақирилган.

Янгиланишлар натижаси
Буюк Британиянинг “Vodafone” мобиль алоқа оператори жорий йилда 11,6 — 11,9 миллиард фунт-стерлинг атрофида даромад олишини билдирди.
Бу аввал тахмин қилинганидан бир оз кўп. Манбада изоҳланишича, компания кейинги пайтларда алоқа сифатини яхшилаб, интернет тармоғига уланиш тезлигини оширган ҳамда телевидение соҳасида янги хизматларни жорий этган. Айни шу жиҳатлар унинг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланишига хизмат қилиши мумкин. Мазкур хабар тарқалиши билан “Vodafone” акциялари нархи 4 фоиз ошди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ушбу компания нуфузи жиҳатидан жаҳонда иккинчи, Европада эса етакчи ҳисобланади.

Машҳур компаниянинг яна бир корхонаси
Франциянинг “Renault” автомобилсозлик компанияси Европа бозоридаги паст рентабеллик ўрнини бошқа қитъаларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали оширмоқчи.
Шу мақсадда у яқинда Жазоир (Африка)да янги заводни ишга туширди. Маълум қилинишича, бу ерда “Symbol” русумидаги машиналар ишлаб чиқарилади. Унинг қуввати йилиги 25 минг дона автомобиль йиғишга мўлжалланган. Кейинчалик бу кўрсаткични 75 минг донага етказиш кўзда тутилган. Маҳсулотлар фақат ички бозорда сотилади.
“Renault”, шунингдек, 2013 йилда Марокашда йилига 100 минг дона автоулов ишлаб чиқариш қувватига эга корхонани фойдаланишга топширган эди. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади.

Қидирув ишлари тўхтатилди
Жанубий Корея суди шу йил 16 апрель куни ҳалокатга учраган “Севол” йўловчи кемаси капитанига 36 йил қамоқ жазоси белгилади.
Бундан ташқари, унинг 13 нафар экипаж аъзоси 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ушбу мудҳиш фожиа юз берган вақтда кемада 476 нафар одам бор эди. Улардан 172 нафари қутқариб қолинган. Уч юз нафардан ортиғи эса ҳаётдан кўз юмган. Бир неча киши бедарак йўқолган. Куни кеча уларни қидириш операцияси якунланди.
“Севол” кемаси нима сабабдан ҳалокатга учрагани ҳамон ошкор қилингани йўқ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn