Катта миқдорда буюртма олди
  • 11 Ноябрь 2014

Катта миқдорда буюртма олди

Европанинг “Airbus Group” самолётсозлик компанияси Хитойнинг “China Aircraft Leasing Group Holdings” лизинг компаниясига “А320” туркумидаги ҳаво лайнерларидан 100 та етказиб бериш бўйича дастлабки келишувга эришди.

Буюртманинг умумий қиймати 10,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, шартнома ноябрь ойининг охирида имзоланиши режалаштирилган.

Энг йирик кўнгилочар мажмуа
Дубай (БАА) шаҳрида дунёдаги энг йирик кўнгилочар боғ қурилади.
Айтилишича, мажмуа тўрт қисмдан иборат бўлади. Унинг таркибига дунёдаги энг катта сувости боғи, турли аттракционлар, мультфильм ва комикслардан иборат бўлимлар киритилади. Ушбу дам олиш масканида барча ёшдагилар мириқиб ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароит яратилади.
Режага кўра, умумий майдони 2500 квадрат метрга тенг бўлган ушбу мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилади. Қурилиш ишлари “WL Group” инвестиция компанияси томонидан молиялаштирилади.

Зилзила юз берди
Греция соҳилларида 5,2 балли зилзила юз берди.
Унинг маркази Ликсури шаҳридан саккиз километр узоқликда, Кефалония оролида қайд этилган. Табиий офат туфайли вайронагарчиликлар ҳамда цунами келиб чиқиш хавфи кузатилмаган.

Қўниш вақтидаги фалокат
Багама оролларида енгил моторли самолёт ҳалокатга учради.
Оқибатда унинг бортида бўлган тўққиз киши ҳаётдан кўз юмди. “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигининг мамлакат транспорт ва авиация вазирлиги маълумотига таяниб хабар беришича, пойтахт Нассаудан учган “Lear 36 Executive Jet” русумли ҳаво лайнери Фрипорт шаҳридаги аэропортга қўниш чоғида қурилиш кранига урилиб кетган.

542 йиллик тарихга эга банк сотилади
Дунёдаги энг қадимий банклардан бири — “Banca Monte dei Paschi di Siena” (Италия) сотувга қўйилди, дейилади “The Wall Street Journal” нашри хабарида.
Айни шу масала бўйича ташкилий ишлар билан шуғулланиш учун молия муассасаси “UBS” ҳамда “Citi” банкларини ёллаган. “Banca Monte dei Paschi di Siena” ҳозир, ҳақиқатан ҳам, мураккаб вазиятга тушиб қолган. Европа марказий банки томонидан ўтказилган стресс-тест натижаларига кўра, у “кўҳна қитъа”даги 150 та йирик банк орасида энг ёмон аҳволдаги муассаса, деб топилгани ҳам буни тасдиқлайди. Банк капиталидаги тақчиллик 2,11 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Мазкур молия муассасасига 1472 йилда асос солинган.

Смартфоннинг сўнгги русуми
Хитойнинг “Gionee” компанияси батареяси қуввати узоқ вақтга етадиган “Marathon M3” смартфонини ишлаб чиқарди.
Ушбу “ақлли” телефон 4,5 дюймли дисплей, 1,3 гигагерц частотага эга тўрт ядроли процессор, бир гигабайт тезкор ва саккиз гигабайт ички хотира, 0,3 ва 5 мегапикселли олд ҳамда орқа камера билан жиҳозланган. Унинг батареяси қуввати 4000 мА соатни ташкил этади. Яъни бир қувватлантириш ҳисобига смартфондан уч кун фойдаланиш мумкин. Таққослаш учун келтириб ўтамиз, айни пайтда урф бўлган “Note 4”да бу кўрсаткич 3220, “iPhone 6”да 1810, “Xperia Z3”да эса 3100 мА соатга тенг.
“Gionee” компанияси жорий йилда дунёдаги энг ингичка — 5,55 мм. қалинликдаги “Elife S5.5” смартфонини тақдим этган эди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Капиталини кўпайтиради Кучли ёғингарчилик »