Яна бандлик муаммоси
  • 07 Ноябрь 2014

Яна бандлик муаммоси

Сайёҳлар оқимининг сусайиши ва ҳосил йиғиш мавсумининг тугаши билан Испанияда ишсизлик даражаси яна ошди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Мамлакат бандлик вазирлиги маълумотларига қараганда, октябрь ойида меҳнат биржаларига 79 минг киши мурожаат қилган. Натижада Испаниядаги жами ишсизлар сони 4,53 миллион нафарга етган. Олдинроқ мамлакат миллий статистика қўмитаси сентябрь ойи охирида бу ерда меҳнат билан банд бўлмаганлар сафи 5,4 миллион кишига камайганини билдирган эди.
Ушбу кўрсаткичларга қарамай, Испания иқтисодиёти ўтган чоракда рецессиядан чиқди ва ўсиш 0,5 фоизни ташкил қилди.

Фавқулодда қўндирилди
Италиянинг маҳаллий “Mistral Air” авиакомпаниясига қарашли “ATR 72” русумли йўловчи самолёти Рим шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўндирилди.
Бунга парвоз вақтида ҳаво кемасини яшин ургани сабаб бўлган. Натижада унинг битта двигатели ишламай қолган. Жабрланганлар йўқ. Самолёт Анкона шаҳридан учиб келаётган пайтда табиат ҳодисасига йўлиққан.
Шу кунларда Италия пойтахтида кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани боис барча бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳудуддаги таълим муассасалари ва диққатга сазовор жойлар вақтинча ёпиб қўйилди.

Қарзини қайтаришга эришди
Жорий йилнинг учинчи чорагида Нидерландиянинг “ING Groep NV” молия муассасаси 928 миллион евро миқдорида соф фойда олишга муваффақ бўлди.
Бу борадаги ўсиш суръати 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан етти баробардан зиёдроқни ташкил қилди. Манбада айтилишича, “ING Groep NV” бундан олти йил муқаддам, яъни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози айни авжига чиққан пайтда давлатдан олган кредитини ҳам муддатидан аввал тўлиқ қайтаришга эришган.
Молия муассасасининг йил якунлари бўйича натижалари ҳам ижобий бўлиши кутилмоқда.

Пингвин пингвинларни ўрганади
Франциянинг Страсбург университети олимлари робот-пингвин яратишди.
Ушбу технологиядан Антарктидадаги император пингвинлари ҳаётини ўрганиш мақсадида фойдаланилади. ўоя муаллифларидан бири Ивона Ле Махонинг айтишича, бу турдаги пингвинлар ҳаёти ҳақида маълумотларни қўлга киритиш жуда қийин. Чунки улар ўта ҳуркак бўлади ва кимдир яқинлашиши билан ўзини сувга ташлайди. Бундай ҳолатда эса бирон бир натижага эришиш мушкул. Шу боис улар орасида юра оладиган робот яратиш фикри туғилган.
Эътиборлиси, робот дастлабки синовдан яхши ўтган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ижобий ўзгариш Капиталини кўпайтиради »