Нархи арзонлашса ҳам...
  • 15 Октябрь 2014

Нархи арзонлашса ҳам...

Жаҳон бозорида бир баррель нефть нархи 88 АҚШ долларигача пасайди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Бу жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари жуда суст бораётгани билан изоҳланмоқда. Таҳлиллардан маълум бўлишича, сўнгги уч ой ичида “қора олтин” қиймати 20 фоиз тушиб кетди. Ушбу маҳсулот охирги бор 2010 йилда ана шундай паст баҳода сотилган эди.
Мазкур ҳолатга қарамай, Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК)га аъзо давлатлар маҳсулот қазиб олиш ҳажмини қисқартириш ҳақида ўйламаяпти. Масалан, энг йирик ишлаб чиқарувчи — Саудия Арабистони углеводород хом ашёси нархи 80 АҚШ долларига тушган тақдирда ҳам, бозордаги мавқеини бой бермаслик учун икки йил давомида мазкур қийматда маҳсулот етказиб беришга тайёрлигини билдирган. Кувайт нефть вазири эса маҳаллий матбуотга берган интервьюсида 76-77 АҚШ долларини ҳам мақбул баҳо, дея таъкидлаган.

Мукофотга лойиқ кўрилган тадқиқот
Франциялик олим Жан Тироль Нобель мукофотининг иқтисодиёт йўналишида ғолиб сифатида эълон қилинди.
Тулуза университети мутахассиси бозорни бошқариш йўналишида олиб борган тадқиқоти учун ана шундай юксак эътирофга лойиқ кўрилган.
Айтиш жоизки, мазкур мукофотнинг иқтисодиёт бўйича ғолиби Альфред Нобель жамғармаси ҳисобидан тақдирланмайди. Чунки ушбу йўналиш 1969 йилда Швеция Марказий банки томонидан олим шарафига ташкил этилган. Молия муассасасининг маълум қилишича, жорий йилги мукофот пули 880 минг еврога тенг.

Зилзила юз берди
Индонезия соҳилларида зилзила юз берди.
Кучи 5,3 баллга тенг бўлган ер силкинишининг маркази Банда денгизида, Саумлака шаҳридан 224 километр шимоли-ғарбда қайд этилган.
Табиий офат цунами келтириб чиқармаган. Жабрланганлар ва вайроналар ҳақида маълумотлар йўқ.

Сабаби номаълум
Нью-Жерси штатидаги кимёвий заводда портлаш рўй бергани натижасида уч киши тан жароҳати олди.
Бундан ташқари, атрофга кўп миқдорда зарарли моддалар тарқалган. Шу боис маҳаллий маъмурият фуқароларни иложи борича деразаларни очмасликка ва кўчага чиқмасликка чақирган.
Мунаки шаҳрида жойлашган “Crest Foam Industries” компаниясига тегишли ушбу корхонада портлаш нимадан келиб чиққани маълум эмас. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида завод фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тўфон оқибати Осиё кубогидаги ажойиб ғалаба »