Бошқа йўналишда иш юритмоқчи
  • 08 Февраль 2014

Бошқа йўналишда иш юритмоқчи

Япониянинг “Sony” компанияси 1996 йилдан буён “VAIO” савдо белгиси остида турли русумдаги компьютерлар ишлаб чиқаради.

Эндиликда у мазкур бизнесидан воз кечиб, асосий эътиборини планшетлар ва смартфонлар тайёрлашга қаратмоқчи. “VAIO”ни мамлакатнинг йирик инвестиция жамғармаси “Japan Industrial Partners” сотиб оладиган бўлди. Хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, бу борада эришилган келишув шартлари жорий йилнинг март ойи охирларида тўлиқ амалга оширилади. Унинг умумий қиймати тахминан 390-490 миллион АҚШ долларига тенг.
“Sony” маъмурияти ушбу чора-тадбир орқали харажатларни тежашни ҳам мақсад қилган. Яъни компания фаолиятидаги ўзгариш натижасида яқин вақт ичида иш ўринлари сони беш мингтага қисқартирилади.

Акциялари баҳосига таъсир қилди
АҚШнинг “Nasdaq” биржасида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Twitter” ижтимоий тармоғининг акциялари баҳоси деярли 25 фоиз тушиб кетди.
“Reuters” ахборот агентлиги хабарига қараганда, бунга унинг 2013 йил тўртинчи чораги якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботи сабаб бўлган. Гап шундаки, ўтган йилнинг октябрь — декабрь ойларида “Twitter” 511,4 миллион доллар миқдорида зарар кўрган. Қолаверса, тармоқда янги аккаунтлар очиш ҳолати ҳам аввалги чоракдагига нисбатан сезиларли даражада камайган.

Натижалар ўзгармади
Швейцариянинг “Credit Suisse Group AG” банкининг ўтган йил тўртинчи чорагида эришган натижалари 2012 йилдаги ҳолат билан деярли бир хил бўлди.
Жумладан, октябрь — декабрь ойларида мазкур молия муассасаси 267 миллион франк (295 миллион АҚШ доллари) миқдорида соф фойда олган. Аввалги йилда ушбу рақам 263 миллион франк эди. Манбада изоҳланишича, аслида “Credit Suisse Group AG”нинг кўрсаткичлари юқори бўлиши кутилаётганди. Аммо унинг фаолияти юзасидан АҚШда ўтказилган суд жараёни катта харажат талаб қилди ва бу банк фаолиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Кема ҳалокати
Атлантика океанида унчалик катта бўлмаган кема ҳалокатга учради.
Воқеа Флорида штати (АҚШ)нинг Уэст Палм-Бич шаҳридан 120 километр узоқликда рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, уч киши ҳаётдан кўз юмган. Етти кишини қутқариб олишга муваффақ бўлинган. Уларнинг аҳволи ҳақида ҳозирча бирор гап айтилгани йўқ, дейилади “CNN” телеканали хабарида. Ҳалокат вақтида кемада қанча одам бўлгани аниқ эмас. Шу боис қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

Анъанавий кинофестиваль
Германияда 64-Берлин халқаро кинофестивали ўз ишини бошлади.
Бу гал форум давомида қарийб 400 та фильм намойиш этилади. Улардан 20 таси бош соврин — “Олтин айиқ” мукофотига номзод сифатида рўйхатга олинган.
Мазкур санъат анжумани энг кўп томошабин жамлай олиши билан дунёга машҳур. Масалан, ҳар йили унга 300 мингга яқин кино ихлосмандлари ташриф буюради.
Фестиваль ғолиблари номи 15 февраль куни эълон қилинади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Вазият яхшиланмади Сезиларли ўзгаришлар »