Текширув натижасида хато аниқланди
  • 24 Сентябрь 2014

Текширув натижасида хато аниқланди

Сўнгги ўн йил ичида биринчи марта Буюк Британиядаги йирик чакана савдо тармоғи “Tesco”нинг қимматли қоғозлари қиймати Лондон биржасида 12 фоиз тушиб кетди.

Бунга компания ўз даромади ҳақидаги маълумотни нотўғри эълон қилгани сабаб бўлган. Аниқланишича, муассаса  жорий йил биринчи ярмида хато туфайли ўз даромадини 317 миллион еврога кўпайтириб, эълон қилиб юборган. Аслида маблағ тушуми бу миқдорни ташкил этмаган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, уч ҳафта аввал ушбу компанияда раҳбар алмашган эди. Ўшанда янги тайинланган етакчи Дейв Льюис аудиторлик текширув ўтказилишини билдирганди.

Фалокат сабаби номаълум
Хитойнинг Хунань музофотидаги петарзалар ишлаб чиқарувчи корхонада портлаш юз берди.
Бунинг оқибатида ўн икки киши ҳаётдан кўз юмиб, яна ўттиз уч нафар одам тан жароҳати олган. Улардан тўрт нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Манбада фалокат сабаблари ҳақида маълумотлар йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Зарар кўрмоқда
“Air France-KLM” (Франция/Нидерландия) авиакомпанияси учувчилари томонидан ташкил этилган иш ташлашлар сабабли муассаса кўраётган иқтисодий зарар миқдори ошиб бормоқда.
Компания раҳбари Александр де Жуньяк иш ташлашлар бошланган 15 сентябрда “Air France-KLM” кунига 10-15 миллион евро миқдорида маблағ йўқотаётгани ҳақида маълум қилган эди. Айни пайтга келиб бу миқдор 20 миллион еврога етган. Шу тариқа иш ташлашлар бошлангандан бери мазкур компания 100 миллиондан ортиқ молиявий зарар кўрган. Иш ташлашлар эса ҳамон давом этмоқда.
“Air France-KLM”нинг ушбу муаммоси темир йўл хизматига анча қўл келган. Хусусан, Франциянинг “SNCF” темир йўл компанияси сўнгги бир ҳафтада чипталар сотувини уч фоиз оширишга муваффақ бўлди.

500 килограммли автомобиль
АҚШлик талабалар томонидан яратилган электр қуввати билан ҳаракатланувчи “Еlеctric Bluе” автомобили шу турдаги машиналар ўртасида жаҳон рекордини янгилади.
Гап шундаки, ушбу автоулов АҚШнинг Юта штатида бўлиб ўтган чемпионатда соатига 329,75 километр тезлик билан ҳаракатланиб, мусобақада иштирок этган 180 дан ортиқ электромобилни ортда қолдирган. 
Мазкур автомобиль Бригам Янг университетининг 130 нафар талабаси томонидан яратилган. У цилиндр шаклида ишланган бўлиб, шамол қаршилигини осон енгиш учун ғилдираклари корпус остида жойлаштирилган. Машинанинг оғирлиги 500 килограмм.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, бундан аввалги рекорд ҳам 2011 йилда айнан шу электромобиль томонидан ўрнатилган. Ўшанда “Еlеctric Bluе” соатига 250 километр тезлик билан ҳаракатланган эди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn