Вазият яхшиланмади
  • 07 Февраль 2014

Вазият яхшиланмади

Ўтган йилнинг кетма-кет уч чорагида Португалияда ишсизлик даражаси пасайди.

Масалан, октябрь — декабрь ойларида ушбу кўрсаткич 15,3 фоизни ташкил қилди. Аммо йил якунлари бўйича умумий натижа 16 фоиз бўлиб турибди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Бу айни вақтда евроҳудуддаги ўртача ҳолатдан бир оз юқори ҳисобланади.
Айтиш жоизки, Португалия глобал молиявий-иқтисодий инқироздан энг катта талафот кўрган давлатлардан биридир. Вазиятни ўнглаш мақсадида расмий Лиссабон Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасининг молиявий кўмагини олишга мажбур бўлди. Бунинг эвазига давлат идоралари ва хусусий секторда кўплаб иш ўринларини қисқартириш мажбурияти юклатилди. Мазкур сиёсат, охир-оқибат, мамлакатда бандлик муаммоси кескинлашишига олиб келди.

Шартнома бекор бўлиши мумкин
Панама каналини кенгайтириш лойиҳаси бекор бўлиши мумкин.
Чунки унинг маъмурияти ва Испаниянинг “Sacyr” компанияси ўртасида келишмовчилик юзага келгани хабар қилинмоқда. Гап шундаки, жорий йил бошида буюртмачи пудратчи бажараётган хизматларни жуда қиммат деб баҳолаб, унга ҳақ тўлашни тўхтатиб қўйган.
Дунё бўйича сув йўли билан ташиладиган жами юкларнинг тўрт фоизи Панама канали орқали олиб ўтилади. Аммо кейинги йилларда у катта босимга дош бера олмаяпти. Шу боис 2009 йилдан эътиборан канални кенгайтириш ишларига киришилди. Агар бу иш амалга ошса, унинг имконияти икки баробар ортади.

Йўлдаги фожиа
Непал пойтахтидан 320 километр шимоли-ғарбдаги тоғли ҳудудлардан бирида автобус 500 метр баландликдан дарёга қулади.
“Associated Press” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, ҳодиса оқибатида ўн тўрт нафар йўловчи ҳаётдан кўз юмди, етти киши тан жароҳати олди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари воқеа сабабларини ўрганишмоқда.
Бу февраль ойида Непалда содир бўлган иккинчи шундай йирик йўл транспорти ҳодисасидир. Аввалроқ автобуснинг қияликка қулаб кетиши натижасида ўн киши қурбон бўлиб, 47 киши жароҳатланган эди.

Довул келтирган ноқулайликлар
Европанинг бир қатор давлатларида кузатилаётган кучли довул қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.
Хусусан, Франция ғарбидаги Бретань вилоятида ўн минглаб тураржой электр таъминотидан узилиб қолди. Метеорологлар мамлакатнинг Атлантика океани соҳилларига яқин жойлашган тўққизта департаментида табиий офатнинг хавфлилик даражасини юқори, деб эълон қилишди. Ирландияда ҳам 20 мингдан ортиқ хонадонга электр энергияси етказиб берадиган линиялар ишдан чиққан. Жала туфайли айрим ҳудудларда тошқинлар юзага келган. Масалан, Корк, Уэксфорд ва Уотерфорд шаҳарлари кўчаларини сув босган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn