«Lookwe» журнали Ўзбекистон — Хитой муносабатлари ҳақида
Версия для печати
  • 11 Сентябрь 2014

«Lookwe» журнали Ўзбекистон — Хитой муносабатлари ҳақида

Яқинда Хитойда инглиз тилида нашр қилинадиган нуфузли “Lookwe” журнали саҳифаларида “Биргаликда олға ҳаракатланиш, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янада ажойиб келажагини барпо этиш” деган сарлавҳа остида салмоқли мақола чоп этилди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 19 — 20 август кунлари Хитой Халқ Республикасига буюрган давлат ташрифи ва унинг якунларига бағишланган.

Мақолада Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи асрлар қаърига бориб тақалиши, яъни бундан икки минг йил аввал икки мамлакат халқларини Евроосиё бўйлаб жойлашган Буюк Ипак йўли чамбарчас боғлаганлиги қайд этилади.
Нашрда қаламга олинганидек, бундан 22 йил олдин мамлакатлар ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган. “Ҳозирги пайтда томонлар олий даражадаги фаол ташриф алмашувларини қўллаб-қувватлашмоқда, ўзаро сиёсий ишонч чуқурлашмоқда, амалий ҳамкорлик изчил ривожланаяпти”.
Мақолада томонларнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан бир-бирларини қўллаб-қувватлаётгани, БМТ, ШҲТ ҳамда бошқа кўп томонлама ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани эътироф этилиши баробарида, Хитой — Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга кўмаклашиши ҳам алоҳида таъкидланган.
Журналда ёзилишича, Хитой ҳамда Ўзбекистон яхши қўшни ва яхши дўстлар ҳамда шерик мамлакатлар ҳисобланади.
“Ҳозирги пайтда Хитой — Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ривожланишнинг тарихан энг яхши босқичидадир. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан бирига айланди. Ҳамкорликнинг изчил тараққий этиб бориши ҳар икки мамлакат халқларига бирдек наф келтирмоқда. Давлатларимиз ўртасида ўзаро англашув чуқурлашмоқда, янада яқин алоқаларни ўрнатишга бўлган интилиш тобора ошаётир. Ўзбекистонда Хитойга ва хитой тилига бўлган қизиқиш ортмоқда, қолаверса, Ўзбекистонга келаётган хитойлик талабалар, сайёҳ, тадбиркор ва экспертлар сони ҳам борган сайин кўпаймоқда. Кўҳна Буюк Ипак йўли бугун янги давр мазмуни билан бойимоқда”, дея қайд этилади нашрда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳақида тўхталинар экан, “Lookwe” журналида бўлиб ўтган учрашувлар чоғида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон — Хитой муносабатлари ривожланишини сарҳисоб қилганлари баробарида, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаб олишгани ҳам таъкидланади.
Мақолада “Икки томонлама муносабатлар тарихида катта воқеага айланган мазкур ташриф Хитой — Ўзбекистон стратегик шериклигини ҳар томонлама бойитиш ҳамда чуқурлаштиришга хизмат қилади, муносабатлар ривожида янада ажойиб истиқболларни очиб беражак”, дея комил ишонч билдирилган.
Ўзбекистон ва Хитой ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч, тенглик, манфаатлар муштараклиги, кенг қамровлилик ҳамда тажриба алмашиш, ҳамкорлик ва уйғун муваффақият тамойиллари билан изоҳланадиган “Буюк Ипак йўлининг руҳи”ни мерос қилиб олганига шубҳа йўқ. “Улар икки давлат халқлари фаровонлигини мустаҳкамлаш йўлида Хитой — Ўзбекистон муносабатларининг баланд дарахти янада гуллаб-яшнаши, янада мўл ҳосил бериши учун бундан кейин ҳам уни авайлаб парваришлайдилар”, дея хулоса қилинади мақолада.
Маълумот тариқасида айтиш жоизки, “Lookwe” журнали 2003 йилдан буён ҳар ойда нашр этилади. У, асосан, Хитойнинг хорижий мамлакатлар билан иқтисодиёт, савдо, маданият, сармоялар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорлигига оид хабар-мақолаларни муштарийлар эътиборига ҳавола қилади. Хитойда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатлар дипломатия ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, бизнес уюшмалари ҳамда маҳаллий ва хорижий ҳукумат муассасалари мазкур нашрнинг доимий ўқувчилари саналади.


«Жаҳон» АА.
Пекин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn