Ҳамюртимиз — совриндорлар сафида
  • 10 Сентябрь 2014

Ҳамюртимиз — совриндорлар сафида

Пойтахтимизда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида дастлабки ғолиб ҳамда совриндорлар номи маълум бўлди.

Дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 800 нафардан зиёд спортчи иштирок этаётган мазкур нуфузли мусобақанинг дастлабки куни эркин курашчилар -57 кг., -70 кг., -86 кг. ва 125 кг. вазн тоифаларида медаллар учун кураш олиб боришди.
Эътиборли жиҳати, мусобақанинг биринчи куни вазни 70 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов бронза медални қўлга киритди. Бекзод учинчи ўрин учун кечган баҳсда тожикистонлик Зелимхон Ҳусайновни мағлубиятга учратди.
Ушбу вазн тоифасида олтин ва кумуш медаллар россиялик Хетаг Цаболов ҳамда туркиялик Якуб Горга насиб этди. Яна бир бронза медалга Беларусь Республикаси вакили Али Шабанов сазовор бўлди.
57 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида Кёнг Янг (КХДР), Владимир Хинчагашвили (Грузия), Владислав Андреев (Беларусь) ва Ҳасан Раҳимий (Эрон) совриндорлар сафидан жой олди.
86 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги эркин курашчилар баҳсида Абдулрашид Саъдуллаев (Россия), Рейнерис Салас (Куба), Муҳаммадҳусайн Муҳаммодиан (Эрон) ва Селим Яшар (Туркия) совринли ўринларга эга чиқди.
Энг оғир вазн тоифаси (125 кг.)даги эркин курашчилар ўртасидаги беллашувлар якунида туркиялик Таҳа Оқгул, эронлик Комил Ҳасемий, россиялик Хожимурад Гацалов ва АҚШ вакили Тервел Длагнёв медаллар билан тақдирланди.
Кеча эркин курашчилар ўртасида  -61 кг., -65 кг.,  -74 кг., -96 кг. вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Мазкур беллашувларда Ҳаёт Сайфуллаев, Ихтиёр Наврўзов, Рашид Қурбонов ва Омар Омаров Ватанимиз шаънини ҳимоя қилди.


А. ФОЗИЛОВ.
Ҳ. ПАЙДОЕВ
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn